Ўзбекистонда қоидабузарликни аниқлашда дронлардан фойдаланилиши мумкин
Жамият
−
24 Март 2023
4646Ўзбекистонда аҳоли пунктидан ташқаридаги йўлларда қоидабузарликни аниқлашда дронлардан фойдаланиш йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида келтирилган.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 1 октябрига қадар аҳоли яшаш пунктларидан ташқаридаги йўлларда қоидабузарлик, қидирувдаги транспорт воситасини аниқлаш, зарур чораларни кўриш ҳамда ёрдам кўрсатишда тезкорликка эришиш мақсадида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш бўйича илғор хориж тажрибасини ўрганиб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.
Замонавий рақамли технологиялар ҳисобига тарқоқ тизимларни бирлаштириш орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг самарадорлигини ошириш мақсадида, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизими яратилади.
Шунингдек, ягона ахборот тизим Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг барча амалдаги ахборот тизимларини ягона платформага ўзаро интеграция қиладиган платформа ҳисобланади ва республика ижро этувчи ҳокимият ҳамда прокуратура ва суд органларининг фаолиятига жорий этилган ахборот тизимларига интеграция қилинади.
Ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш, уни тўлиқ жорий этиш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишлар Ягона ахборот тизимининг “Маъмурий амалиёт” модули орқали ўзаро интеграция қилинган Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими тартибига мувофиқ юритилади.
Ягона ахборот тизимидаги ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ҳамда маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорлар “Э-маъмурий иш” ахборот тизими орқали шакллантирилувчи ягона хос (уникал) рақам орқали рўйхатга олинади;
Лойиҳага кўра, ягона ахборот тизимининг “Маъмурий амалиёт” модули Олий суд ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли ахборот тизимларига интеграция қилинган ҳолда фаолият юритади.
LiveБарчаси