Ўзбекистонда ҚҚС ставкаси қачон 12 фоизга туширилиши аниқ бўлди

Жамият

image

Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи 15 фоиздан 12 фоизга қачон туширилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳасида сўз боради. Фармон ўтган йилнинг 30 декабрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Унга кўра, 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизгача ҳамда банк, молия ва телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 15 фоизгача туширилади. 

Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак. 

Шунингдек, фармонда 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9 фоизгача ва 2023 йилда 5 фоизгача ҳамда фискал тақчилликни 3 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилиб, кейинчалик инфляция ва давлат бюджети тақчиллиги ушбу кўрсаткичдан ошмаслигини таъминлаб бориш белгиланган. 

Бунда, давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк секторида хусусий улуш 60 фоизгача оширилишига алоҳида эътибор қаратилади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши ҳақида ўтган йилнинг сентябрь ойида ЎзЛиДеПнинг Х съездида маълум қилганди. 

“2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга туширган эдик. Энди, зарур тайёргарлик ишларини кўрган ҳолда 2023 йилдан бошлаб ушбу солиқ ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга туширамиз”, деган эди давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

ҚҚС

Баҳолаганлар

188

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг