Ўзбекистонда қиш қандай ўтди?

Жамият

image

2024-2025 йиллардаги қиш мавсуми давомида илиқ тўлқинлар ва совуқ тўлқинлар бир-бири билан ўрин алмашиши кузатилди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Қайд этилишича, ўтган қишнинг энг совуқ ойи декабрь бўлиб, бунда ҳарорат меъёрдан 1-2,5 даражага совуқроқ, республика шимолида ва чўл ҳудудларида меъёр атрофида бўлди.

Ушбу йилда январь ойи қиш мавсумининг энг совуқ ойи деган номга мос келмади, деярли республиканинг барча ҳудудлари бўйича январь ойи декабрь ойига нисбатан илиқроқ бўлди. Январь ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 0,5-1 даражага, шимолда 2-3 даражага юқори бўлди.

Февраль ойининг ҳарорат тартиби иқлим меъёрига яқин бўлди. 
Фақат Фарғона водийси ҳудудларида февраль ойининг ўртача ҳарорати ўртача кўп йиллик қийматлардан 1,5-2 даражага юқори бўлди.

Республика ҳудудининг катта қисмида энг кучли совуқлар декабрь ойида, шимолда эса февраль ойида ҳам кузатилди. Совуқ энг кучли бўлган кунларда ҳаво ҳарорати 8-13 даража совуққача, Қорақалпоғистон Республикасида ва Навоий вилоятининг шимолида 15-18 даража совуққача, жанубда 3-8 даража совуққача пасайди.

Қиш мавсуми ойларида кузатилган илиқ даврларда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 12-17 даража илиққача, февраль ойи учинчи ўн кунлигининг бошида эса 18-21 даража илиққача, жанубда 23-24 даража илиққача кўтарилди.

Ўтган қишнинг ўзига хос хусусияти, бу қиш фаслининг уч ойида ҳам ёғингарчилик тақчиллиги кузатилганлигидир. 

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қиш даврида ёғингарчилик миқдори меъёрдан 40-70% ни ташкил этди, Фарғона водийси вилоятларида меъёрдан 40% кам бўлди. Фақат ёғингарчилик меъёри жуда кам бўлган энг қурғоқчил ҳудудларда мавсумий ёғингарчилик миқдори меъёрга яқин бўлди.

Ўтган қиш мавсумида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида қайд этилди, айрим кунларда унинг қорга айланиши кузатилди.

Қиш ойларида ёғингарчилик тақчиллиги Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор тўпланишига таъсир қилди.

Қиш охирига келиб, тоғлардаги қор қоплами баландлиги меъёрдан фақат 40-60% ни ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарорат қиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг