Ўзбекистонда қатъий карантин режалаштирилмаган. Пандемия кучайса, нима қилинади?

Жамият 2804
image

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашса, беморларни даволаш учун шифо ўринлари кўпайтирилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг бошқа бир ўринбосари Анвар Алимов матбуот анжуманида маълум қилди.

“Тошкент вилоятида Зангиота-1 ва Зангиота-2 юқумли касалликлар шифохоналари фаолият кўрсатмоқда. “Омикрон” билан касалланганлар сони 1-босқичда ошадиган бўлса, бунга қарши бизда 38 та муассасада 12,6 мингта ўрин захираси бор, бундан 1300 таси реанимация ўринлари ҳисобланади. Агар касаллик янада кўпаядиган бўлса, иккинчи босқичда республика бўйича захирада 19,8 мингта ўрин яратилиши режалаштирилган. Реанимация учун 2,1 мингта ўрин ташкил этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 100 та кислород станцияси барчасига қўйилган, 1400 та кислород берувчи ускуналар шай”, дейди у.

Шу ўринда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев Ўзбекистонда қатъий карантин чекловлари бўлиши режалаштирилмаётганини таъкидлади ва аҳолини эмланишга чақирди.

“Чекловлар киритилишининг олдини олиш учун ҳам эмланишимиз керак”, деган Норбоев.

Маьлумот учун, Ўзбекистонда жорий йилнинг 7 январида коронавируснинг “omicron” штаммига чалинган илк бемор аниқланди. Шунингдек, мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик ҳолатлар сони яна ортмоқда. Хусусан, кеча, 9 январь куни 389 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилиб, жами касалланганлар сони 200 730 нафарга етди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 48
Рейтинг: 3.1
t
×