Ўзбекистонда ишсизлик 13,2 фоизга етди

Жамият

image

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

Жорий йилнинг июнь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти тавсиялари асосида ишлаб чиқилган методика бўйича республиканинг 101 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилган. Унда 490 та фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 25,9 минг нафар фуқаро қамраб олинган.

СOVID-19 пандемияси даврида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган карантин чора-тадбирлари меҳнат бозорига сезиларли даражада таъсир кўрсатган.

Ўтказилган тадқиқот натижалари республикада ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 13,2 фоиз ташкил этганлигини кўрсатди. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврида 9,1 фоизга тенг бўлган. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 944,0 минг кишини ташкил этади (16-30 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси- 20,1 фоиз, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси эса - 17,4 фоиз).

Меҳнат ресурслари сони 19 084,6 минг  кишини ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,6 фоизга кўпайган бўлса СOVID-19 пандемиясиянинг иқтисодиёт субъектлари фаолиятига салбий таъсири натижасида иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга ёки 671 минг кишига камайиб, 12 736,7 минг кишини ташкил қилган.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг расмий секторда банд бўлган аҳоли сони 5 581,2 кишини ташкил қилиб, ўтган йил шу даврга нисбатан
0,2 фоизга ёки 12,4 минг кишига камайган.

Бунда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган айрим чеклов чора-тадбирлар сабабли якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 167,5 минг (46,4 фоиз)га камайиб кетганлиги ҳисобига юзага келган бўлса, 131,2 минг ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ҳисобига расмий бандлар сони кескин камайиш олди олинган.

Тадқиқот натижаларига кўра республикадан ташқарига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетганлар сони 2 040 минг кишини ташкил этган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 553,2 минг, 2020 йилнинг 1-чорак якунига нисбатан эса 232,1 минг кишига камайган.

Норасмий секторда банд бўлганлар сони (хорижда ишлаётган меҳнат мигрантларини ҳисобга олмаганда) ўтган йилга нисбатан 2,1 фоизга ёки 105,3 мингга камайиб, 5 114,6 минг кишини ташкил этмоқда. Бунда асосан вақтинчалик бир марталик ва мавсумий ишларни бажарувчилар (108,4 мингга камайган), меҳнат муносабатларини расмийлаштирмасдан оилавий корхоналарда ва тадбиркорларда ишловчилар (87,6 минг), рўйхатдан ўтмасдан ва тегишли рухсатномасиз фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар (110,6 минг) сони камайган.

Шу билан бирга карантин чора-тадбирлари даврида уйда ўтирган фуқаролар сони ошганлиги ҳамда фуқароларнинг шахсий томорқаларни ривожлантириш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан субсидиялар бериш дастури ҳажми кескин ортганлиги учун деҳқон ва шахсий томорқаларда банд бўлганлар сони 201,1 мингга ортган.

Тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши норасмий секторда бандлар улушини камайтириш имкониятини бермоқда.

Республикада иқтисодий нофаол аҳоли сони 2019 йил мос даврига нисбатан 4,5 фоизга ошган. Ушбу кўрсаткич ўтказилган тадқиқот давомида тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари карантин чора-тадбирлари даврида вақтинчалик ўз фаолиятларини тўхтатиб туришларини ва чекловлардан сўнг қайта тиклаш ниятини билдириб, бошқа фаолият билан шуғулланмасликни афзал кўраётганлиги сабабли ошганлигини кўрсатган.

2020 йилнинг январь-июнь ойларида, айниқса СOVID-19 пандемиясининг меҳнат бозорига салбий таъсирини юмашатиш мақсадида меҳнат органлари томонидан 588,2 минг (30 ёшгача бўлганлар 159,9 минг ва аёллар 229,4 минг) ишсиз ва банд бўлмаган аҳолига бандлигига кўмаклашиш хизматлари кўрсатилган.

Хусусан, 501,1 минг нафари доимий иш ўринларига ишга жойлайтириш ва ҳақ жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлиги таъминланди, 15,0 минг нафар ишсизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 27,0 минг нафар ишсиз шахсларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 10,1 млрд. сўм ишсизлик нафақаси тўлаб берилган.

Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига 24,8 минг нафар фуқаро шахсий томорқаларида, 15 минг нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва ҳунармандчилик кооперативларида аъзо сифатида бириктириб, банд қилинди, 3 минг нафар фуқаро тадбиркорликка жалб этилди, 256 та иш берувчига меҳнат органлари йўлланмаси билан ишга олинган 2,3 минг нафар ишсизларнинг касбий малакасини оширганлиги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ишга олганлиги учун моддий кўмак ажратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ишсизлик

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг