Ўзбекистонда эркаклар оталик таътилига чиқиши мумкин

Жамият

image

Эндиликда Ўзбекистонда ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганида турмуш ўртоғига ёрдам бериш ёки бошқа фарзандларига қараб туриши учун қисқа муддатли таътилга чиқиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Депутат Нодир Тилаволдиевнинг айтишича, қонун лойиҳаси оилавий мажбуриятларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади:

“Оилада фарзанд туғилганидан кейин бир ой ичида эркаклар 5 кун давомида ойлиги сақланган ҳолда таътилга чиқиши мумкин бўлади. Бу, айниқса, оилада янги ҳаёт бошланишида ота сифатида эркакларнинг ўз масъулиятини тўлақонли бажара олишига кўмак беради”, дейди депутат.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон миллий қонунчилигида илгари бундай таътил назарда тутилмаган эди. Шу боис эркаклар касбий ва оилавий мажбуриятларини уйғунлаштиришда қийинчиликка дуч келган ёки ўз ҳисобидан таътил олишга мажбур бўлган.

Қонун лойиҳасида меҳнат ҳуқуқларининг тенглигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилган. Меҳнат жараёнида тазйиқ ва зўравонликка йўл қўйган ходимни иш берувчи ташаббуси билан бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш амалиёти жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, оилавий зўравонликдан жабрланган шахслар ижтимоий эҳтиёжманд тоифалар рўйхатига киритилиб, уларни ишга жойлаштиришда қўшимча кафолатлар берилиши кўзда тутилган.

Жасмина Расулова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзбекистон оталик таътили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг