Ўзбекистонда электр энергиясини истеъмол қилиш ҳажми рекорди янгиланди

Жамият

image

Аномал иссиқ таъсирида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли ҳажми бўйича рекорд кўрсаткичлар янгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистонда жами 231,7 млн кВт/соат электр энергияси сарфланган. Бу миқдор июнь ойи учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бундан бир йил муқаддам худди шу куни 202 млн кВт/соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, ўсиш кўрсаткичи 14,7 фоизни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, кеча, 14 июнь куни соат 11:00 га қадар соатлик эҳтиёж ҳажми 11 080 МВтни ташкил қилди. Бу эса 2022 йилнинг худди шу санасидаги ҳолат билан таққосланганда, 1600 МВт (15,4%) кўп электр токи сарфланган, деганидир. Ушбу қувват деярли тўртта буғ-газ қурилмасининг ёки иккита “Тўрақўрғон” ИЭСнинг қувватига тенг.

Электр энергиясининг юқори истеъмоли, айниқса, Тошкент шаҳрида кузатилмоқда. Масалан, 2021 йилнинг 13 июнь санасида пойтахт аҳолиси 7,6 млн кВт/соат ток ишлатган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилнинг худди шу кунида 17,08 млн кВт/соатни, бу йил эса 26,4 млн кВт/соатни ташкил қилган.

Билдирилишича, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши туфайли электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Натижада электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламалар ортиши, тармоқда эса турли носозликлар келиб чиқиши табиий. Хусусан, аномал иссиқ электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ҳам 20 фоизга тушириб, тизимда йўқотишларни ҳосил қилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон электр энергияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг