Ўзбекистонда “Doctors community cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири ўтказилади

Спорт

image

Ўзбекистонда илк бор “Doctors community cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири ўтказилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан ўтказилмоқда. 

Бу ҳақда жорий йилнинг 25 – 30 март кунлари Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Украина шифокорларининг футбол жамоалари иштирокида ўтадиган “Doctors Community Cup – Tashkent – 2019” халқаро турнири олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Айтиш мумкинки, мамлакатнинг футбол бўйича шифокорлар терма жамоаси бир неча йиллардан бери футбол бўйича шифокорлар жамоалари ўртасида ўтказиб келинадиган Жаҳон чемпионатида муваффаққиятли қатнашиб келади. 

Мусобақа регламентига асосан, ўйинларда 25 ёшдан катта бўлган, мутахассислиги ва фуқаролигидан қатъи назар, шифокорлик дипломига эга бўлган ходимлар иштирок этади. Турнирда Ўзбекистон терма жамоасидан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белорусь, Украина терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Бундан ташқари, турнирга Францияда жойлашган Жаҳон соғлиқни сақлаш ходимлари Олимпия ўйинлари ассоциацияси вакили Гийом Гассенд ҳам таклиф этилган.

Айтиш жоизки, Россия жамоаси 40 ва ундан катта ёшдаги шифокорлоар билан Ўзбекистонга ташриф буюради. Шу сабабли ҳам мазкур ёш тоифасида Ўзбекистон-2 терма жамоаси ҳам иштирок этади. Шу тариқа нуфузли мусобақада жами 8 та жамоа қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг тантанали очилиш ва қуръа ташлаш маросими 25 март куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белорусь ва Украина жамоалари 2 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро курашади. Ўйинлар 11.00 ва 14.00да пойтахтимиздаги “Миллий ” ва “Жар” стадионларида ўтказилади. Россия ва Ўзбекистон-2 терма жамоалари эса гуруҳ баҳсларида иштирок этмайди. 29 март куни Плей-Офф ўйинлари, 30 март куни мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари аниқланади. Турнирнинг тантанали ёпилиш маросими соат 17:00 да бўлиб ўтади.

Тадбир доирасида “Тиббиёт ва спортда инновациялар” мавзусидаги илмий-амалий семинар ҳам ўтказилиши ва унда тиббиётнинг долзарб масалалари бўйича шифокорларнинг ўзаро тажриба ва фикр алмашиши кўзда тутилган. Шунингдек, меҳмон жамоаларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳатини ташкил қилиш орқали уларга юртимизнинг туристик салоҳияти ва имкониятларини кенг намойиш қилиш режалаштирилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Doctors community cup – Tashkent – 2019

Баҳолаганлар

3

Рейтинг

2.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг