Ўзбекистонда барча шошилинч мурожаатлар учун ягона диспетчерлик тизими ишга туширилади
Жамият
−
28 Июль 2023
5095Президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар ва Рақамли технологиялар вазирликлари олдига аҳолининг барча тезкор ва шошилинч хизматларга мурожаатларини оператив ҳал қилиш мақсадида ягона “112” тезкор рақами ва диспетчерлик тизимини ишга тушириш вазифасини қўйди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Маълум қилинишича, Ушбу тизим 2024 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 1 июлга қадар водий вилоятларида, келаси йил якунига қадар эса барча туман ва шаҳарларда ишга туширилиши шартлиги белгиланган.
Шу орқали навбатчилик қисмлари фаолияти ҳам тубдан қайта кўриб чиқилиши маълум қилинган.
Шунингдек, Ички ишлар ва Рақамли технологиялар вазирликларига икки ой муддатда ҳар бир вилоят-туман-маҳалла кесимида ижтимоий ва криминоген муаммоларни рақамлаштириш орқали “Ижтимоий вазият” ахборот тизимини ишга тушириш топширилган.
Бунда, аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган ижтимоий муаммоларнинг ягона реестри шакллантирилади, масъул идораларнинг кучи муаммога қараб манзилли йўналтирилади.
Бундан буён вилоят ва туман ички ишлар раҳбарлари ҳар ойда камида бир марта туман ва шаҳар кенгашларига жиноятчилик аҳволи бўйича ҳисобот бериши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент бир йўла 15 та туманнинг ИИБ бошлиғи ҳамда 5 нафар туман прокурорини ишдан олганди.
LiveБарчаси