Ўзбекистонда 30-йиллардаги совуқ рекорди такрорланадими?

Бу қизиқ

image

Декабрь ойининг бошидан Ўзбекистон бўйича жуда совуқ об-ҳаво кузатилмоқда, бундай ҳаво ҳафта давомида сақланиб туради. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди. 

Қайд этилишича, ҳарорат аномалияси Шимолий Евроосиёнинг деярли барча ҳудудларини эгаллаган жуда кучли антициклон билан боғлиқдир. Биринчи ўн кунлик ўртасига келиб, республиканинг марказий ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати кечалари 5-7 совуқгача, баъзи жойларда 10 даража совуқгача, кундуз кунлари 3-5 совуқгача пасайган. 

“Декабрь ойида жуда совуқ об-ҳаво даврлари бизнинг ҳудудимизда аввал ҳам кузатилган. Бундай қийматларгача ҳароратнинг пасайиши билан совуқнинг қисқа муддатли тўлқинлари деярли ҳар йили қайд этилади. 2-3 йил ичида тахминан 1 марта сезиларли даражадаги совуқлар ҳам кузатилган. Сўнгги 25 йил ичида декабрь ойида ҳароратнинг 10-15 совуқгача пасайиши, баъзи жойларда эса, ундан ҳам паст бўлиши Ўзбекистоннинг Марказий ҳудудларида 2002, 2003, 2006, 2007, 2010, 2012, 2014 йилларда қайд этилган. 

Бундан олдинги йилларда янада ҳам кучли совуқлар кузатилган. Шундай қилиб, Тошкентда 1920 йилнинг декабрь ойи бошида термометр устуни 20 совуқгача тушган. Тошкентда декабрь ойининг мутлақ минимал ҳарорати 29 совуқни ташкил этади, ҳароратнинг бундай қиймати 1930 йил 20 декабрь куни кузатилган. 

Энг қаттиқ совуқлар, одатдагидек, республиканинг шимолий ҳудудларида кузатилди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳарорат кечалари 15-20 совуқгача, айрим шимолий ҳудудларда эса 22-24 совуқгача пасайди. Бундай ҳарорат декабрь учун янги рекордларни ўрнатмади. Республика шимолида энг совуқ йилларнинг декабрь ойида минимал ҳарорат 27-30 совуқгача пасайган. Айрим кечаларда ҳарорат баъзи жойларда ушбу сана учун энг паст қийматларгача пасайди, аммо бу ҳарорат рекорди эмас”, дейилади Ўзгидромет хабарида. 

Маълум қилинишича, совуқ об-ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб туради. 

9-12 декабрь кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати кечалари 5-10 совуқ, кундуз кунлари 0-5 совуқ, шимолда кечалари 17-22 совуқ, 9-10 декабрда баъзи жойларда 24 совуқгача, кундуз кунлари 4-9 совуқ атрофида бўлади. 

Ушбу кунларда ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати шу даврнинг иқлим меъёрларидан 7-12 даражага паст бўлади. Шундай қилиб, меъёр 4 даража илиқ бўлганда Тошкентда ўртача кеча-кундузлик ҳарорат 6-8 даража совуқни ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2221

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг