Ўзбекистонда 3 та янги орден ва 1 медаль таъсис этилди
Жамият
−
11 Май 2020
7128Аввал хабар берганимиздек бугун Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда турли қонунлар муҳокамаси бўлиб ўтди.
Жумладан, “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги ҳамда “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама этилди.
“Саломатлик” орденини икки даражадан иборат бўлиб, I даражали “Саломатлик” ордени билан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлар тақдирланади. II даражали орден билан эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва бартараф этишда фаол иштирок этган шахслар мукофотланади.
“Соғлом турмуш” медали таъсис этилишидан мақсад аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва бадантарбияни кундалик турмуш тарзига айлантириб, жамоатчиликка шахсий намуна бўлаётган ўзбекистонликларнинг хизматларини эътироф этиш.
Таъкидланишича, “Саломатлик” ордени ҳамда “Соғлом турмуш” медали билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Бундан ташқари, “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.
“Фахрий мураббий” ордени билан ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва қобилиятларини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган ўзбекистонликлар тақдирланади.
Ушбу орденни яна кимлар олиши мумкин?
Мазкур орден ўзининг чуқур билим ва бой ҳаётий тажрибаси билан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида шахсий намуна кўрсатиб келаётган, давлат ва жамият олдидаги юксак хизматлари билан алоҳида эътибор қозонган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
Бундан ташқари, “Фахрий мураббий” орденига ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилаларда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоялаш ишларида фаол иштирок этган фидойилар муносиб, деб топилади.
Шунингдек, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш авлодга замонавий билим ва касб-ҳунарларни ўргатиш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги фидойилиги, уюшмаган ёшларни фойдали меҳнатга жалб этиш, ёт ғоялар таъсиридан асраш, улар ўртасида турли салбий иллатларнинг олдини олиш борасидаги муносиб хизматлари учун ҳам юрдошларимиз ушбу мукофотга сазовор бўлиши белгиланган.
Сенат аъзолари мазкур Қонунларни маъқуллади.
LiveБарчаси