Ўзбекистонда 24 фоиз ота-она боласининг телефонида нима борлигини билмаслиги маълум бўлди

Жамият 3767
image

Ўзбекистонда 24 фоиз ота-оналар фарзандининг қўл телефонини умуман текширмайди. 59 фоизи эса ҳар куни текширади. Бу ҳақда Абдулла Авлоний миллий-тадқиқот институти фуқаролар орасида ўтказилган сўровнома натижасига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, тадқиқот институти “Мобил телефон – ўқувчига дўстми ёки душман?” мавзусида сўровнома ўтказган. 10 кунлик муддат давомида 95 400 нафардан ортиқ фойдаланувчилар сўровнома саволлари билан яқиндан танишиб, улардан 21 400 нафари овоз берган.

Сўровнома натижаларига кўра, 52 фоиз респондент “Қўнғироқлар, хабарлар, ижтимоий тармоқ, ўйин ва бошқалар ўқувчиларнинг фикру-хаёлини дарсдан чалғитади” деб ҳисоблайди. Жуда кўпчилик ўқитувчилар, ота-оналар ушбу фикрни тасдиқлаган. “Телефондан фойдаланиш маданиятига риоя қилинса, дарсларга салбий таъсир кўрсатмайди” деган жавоб варианти энг кам – 16 фоиз овоз олган.

Фарзандингизнинг мобил телефонини қанча муддатда текшириб турасиз, деган саволга сўровномада иштирок этган ота-оналарнинг 59 фоизи фарзандининг мобил телефонини ҳар куни текширишини, 24 фоизи умуман текширмаслигини ва 17 фоизи эса ҳар ҳафтада текшириб туришини билдирган.

Дарс вақтида ўқувчилар телефондан нима учун фойдаланаётгани ҳақидаги саволга 63 фоиз респондент болалар Интернетда (YouТube, Tik tok, Telegram ва бошқалар) ўтиради дея жавоб берган. 24 фоиз иштирокчи “Фақат дарс тайёрлаш, синф машғулотлари учун ишлатишмоқда” деган вариантни белгилаган.

Сўровномада ота-оналардан дарсдан олдин болалардан телефонлари олиб қўйилиши борасидаги фикри сўралган. 84 фоиз респондент бу ишни ёқлаган, 13 фоизи қўшилмаслигини ва 3 фоизи эса фарқи йўқ эканлигини таъкидлаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3.2
t
×