Ўзбекистонда 15 кг дан зиёд гиёҳвандлик моддасини сотаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
14 Сентябрь 2023
3758Бир неча вилоятларда қарийб 15,5 кг гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, дастлаб Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи шахс Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи 2 нафар таниши билан ўзаро тил бириктириб, Тожикистон давлатидан контрабанда йўли билан келтирилган 9 кг 530 гр опий моддасини 55 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ушланган.
Зомин туманидан эса 3 нафар Тожикистон Республикаси фуқаролари қўлга олиниб, улардан 2 кг 986 гр гашиш моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Даштобод шаҳарчасидаги умумий овқатланиш масканида шерикларини кутиб турган яна бир тожикистонлик ҳам ушланган. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси ҳам Тожикистондан олиб келинган.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида яшовчи шахс бошқарувидаги Матиз машинаси Муборак туманидаги “Ширинбулоқ” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Шу жараёнда машинада бўлган фуқаронинг ёнида 973 гр героин моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги дала майдонига 1 кг 968 гр героин моддаси кўмиб қўйилгани аниқланган.
“Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро аэропортида сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик миқдордаги – 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси тўхтатиб қолинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь