Ўзбекистонда 11 ноябрь ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшилиши мумкин
Жамият
−
02 Май 2023
16093Ўзбекистонда 11 ноябрь санаси ишланмайдиган байрам куни сифатида белгиланиши кутилмоқда. Бу бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Айтилишича, Ўзбекистонда Касаба уюшмалари ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади. Унинг аъзолари сони доимий тарзда кўпаймоқда. Шу боис, ҳар йили 11 ноябрь ‒ Ўзбекистон касаба уюшмалари куни республиканинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланади.
Амалдаги қонунларда 11 ноябрь санаси ишланмайдиган байрам куни сифатида эътироф этилмаган. Шунингдек, байрам тадбирларини ўтказишни ташкил этиш ҳамда ходимларни рағбатлантириш чораларини кўриш механизмлари белгиланмаган.
Хабарга кўра, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига 11 ноябрни ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшишга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда.
“Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватлади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда дам оладиган байрам кунлари 9 та ҳисобланади.
- 1 январь – Янги йил;
- 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни;
- 21 март – Наврўз байрами;
- 9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
- 1 сентябрь – Мустақиллик куни;
- 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
- 8 декабрь – Конституция куни;
- Рўза ҳайити байрамининг биринчи куни;
- Қурбон ҳайити байрамининг биринчи куни.