1 январдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
30 Декабрь 2024
36446Ўзбекистонда 2025 йилнинг 1 январидан эътиборан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришлар рўйхатини бир ерга жамлади.
Тошкентда автобус ва метрода нақд пул шаклидаги йўлкира нархи ошади
Тошкент шаҳрида жамоат транспортида нақд шаклидаги йўл ҳақи 2000 сўмдан 3000 сўмга оширилади. Нақдсиз тўловда нарх ўзгармай, 1700 сўм бўлиб қолади. Автобуслар салонида йўл ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади, бекатлардаги тўлов қурилмалари орқали бир марталик QR-кодли чипта харид қилиш керак бўлади.
Чиптадан фойдаланиш учун QR-кодли чиптани керакли масофада валидаторга тутиш керак. Чиптага эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиб, уни букламаслик ёки шикастламаслик ҳамда уни текшириш учун қатнов охиригача сақлаш лозим.
Ҳокимларга қўшимча ваколатлар берилади
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига давлат бошқаруви органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида “доимий алоқа” тизимини яратиш мақсадида Тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини тузиш ваколати берилди. Улар айрим вазирлик ва идораларнинг бўлимлари раҳбарларини ҳудудий бошқармалар билан келишган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, тегишли масъулларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш имкониятига эга бўлади.
ҚҚС ва фойда солиғи ставкалари оширилмайди
Тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ва белгиланган шартларга жавоб берадиган тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди.
2025 йил 1 апрелдан даромадидан қатъи назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар ҚҚСни тўловчилар деб эътироф этилади.
Тадбиркорларга ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш маркази ташкил қилинади. Марказ тадбиркорларга халқаро молия институтлари, хорижий молия ташкилотлари ва бошқа кредит ташкилотларидан давлат кафолатисиз маблағлар жалб қилиш бўйича консалтинг хизматлар кўрсатади.
2025 йилда айланма маблағларини тўлдиришга ажратиладиган кредитлар учун “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖга (Компания) 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратилади. 2025 йил 1 январдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини калибровка қилиш ва махсус идишларда қадоқлаш лойиҳалари ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун Компания ресурслари ҳисобидан миллий валютада револвер кредитлар ажратилади.
2025 йил 1 январдан:
-
божхона чегарасидан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм пахта ип-калаваси учун йиғим унинг экспорт нархидан 2 фоиз миқдорда, бироқ 0,05 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда ўрнатилади;
-
божхона чегарасидан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм трикотаж мато учун йиғим унинг экспорт нархидан 1 фоиз миқдорда ўрнатилади.
Уйини термит “еган” фуқароларга бошқа уй-жой берилади
Термит ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган уй-жойлар яшаш учун яроқсиз деб топилса, аҳоли бошқа уй-жой билан таъминланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 ноябрда кучга кирган қарорида кўзда тутилган.
Қарор билан термит ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Маъмурий регламентга мувофиқ ушбу давлат хизмати 2025 йил 1 январдан бошлаб туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тузиладиган Термит ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш комиссияси томонидан Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.
Ариза берувчилар давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан бориб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДXП орқали рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этганда, тегишли сўровнома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида комиссияга электрон шаклда юборилади. ЯИДXП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда комиссияга юборилади.
Комиссия 7 иш куни давомида сўровномани кўриб чиқиб, уй-жой жойлашган ҳудудга чиққан ҳолда қуйидагиларни аниқлайди: уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашаротлардан зарарланганлик даражасини, техник ҳолатини, яшаш имконияти мавжудлигини, яроқсиз ҳолатга келганлигини. Ўрганиш натижасида комиссия хулосаси ариза берувчига юборилади.
Бунда ўрганиш натижасида уй-жойнинг яроқсиз ҳолатга келганлиги тасдиқланса, хабарнома қўшимча равишда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уй-жойни яшашга мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш ҳамда уй-жой фондидан чиқариш масаласини кўриб чиқиш учун юборилади.
Ариза уйга берилган хулоса келгусида уни белгиланган тартибда давлат томонидан уй-жой билан таъминлаш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
-
сўровномада нотўғри ёки хато маълумотлар кўрсатилганда;
-
ариза берувчи томонидан комиссияга уй-жойни кўздан кечириш учун имкон берилмаганда ёки кўздан кечиришга тўсқинлик қилинганда;
-
уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашаротлардан зарарланган бўлишига қарамай, унинг техник ҳолати яшаш имконини берганда;
-
уй-жойда термитлар ва бошқа ҳашаротлардан зарарланиш ҳолатлари аниқланмаганда.
Давлат хизматини бошқа асосларга кўра рад қилиш тақиқланади.
Цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланади
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2025 йил 1 январдан давлат ва кўчма циркларда (шапито) ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва улардан цирк томошалари учун фойдаланиш тақиқланди.
Ҳужжат билан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати ҳамда ушбу рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартиби тасдиқланган.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар тақиқланади:
-
жисмоний шахслар томонидан рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда сақлаш;
-
давлат ва кўчма циркларда (шапито) ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва улардан цирк томошалари учун фойдаланиш;
-
рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг рухсатномалари асосида белгиланган тартибда юридик шахслар томонидан ташкил этилган ҳайвонот боғларида ва (ёки) питомникларда сақланиши мумкин.
Жисмоний шахслар, шунингдек, давлат ва мобил цирклар (шапитолар) ихтиёридаги ёввойи ҳайвонлар шартнома асосида ҳайвонот боғлари ва питомникларга пулли ёки бепул топширилиши мумкин. Ўзбекистон фаунасига мансуб бўлганида, улар учун мос бўлган табиий яшаш муҳитига, мансуб бўлмаганда эса Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқариб юборилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жисмоний шахслар ва циркларда сақланаётган рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларнинг 2026 йил 1 январгача ҳайвонот боғлари ёки питомникларга топширилишини таъминлаш топширилган.
Давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи оширилади
2024 йил 22 ноябрь куни Президентнинг “Маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Қарорга кўра, давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи қуйидаги миқдорларда оширилади:
-
2025 йил 1 январдан бошлаб – 20 фоизга;
-
2025 йил 1 июлдан бошлаб – яна 15 фоизга оширилади.
Ҳужжатда давлат маданият муассасалари ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг иш самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизими жорий қилиниши ҳам белгилаб қўйилган.
Ўзбекистонда миллий вақт шкаласи жорий этилади
2025 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистонда миллий вақт шкаласи (UTC UZ) жорий этилади ва ундан Ўзбекистон Республикасининг аниқ вақти сифатида фойдаланилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Вақт ва частота хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилган. Қарорга кўра, вақт хизматининг фаолиятини самарали ташкил этишга Ўзбекистон миллий метрология институти давлат муассасаси масъул ҳисобланади. Метрология институти Мувофиқлаштирилган универсал вақтни (UTC) шакллантиришда иштирок этади ва Ўзбекистон миллий вақт шкаласини (UTC UZ) ҳосил қилишга ваколатли этиб белгиланади.
Аниқ вақтни Вақт хизматидан олиш ҳамда уни манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотларга узатиш давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилади.
Уй қамоғидаги шахслар учун электрон браслет “ишга тушади”
Ўзбекистонда 2025 йил 1 январдан эътиборан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилади.
Электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс оёғининг болдир қисмига тақилади. Шахс оёғининг болдир қисмига электрон браслетни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ва бошқалар) қўл қисмига тақилишига рухсат этилади.
Аёлларга электрон браслет аёл ходим (ички ишлар органи, жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори) томонидан тақилади ҳамда ечиб олинади.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган қуйидаги шахсларга электрон браслет қўллаш мумкин эмас:
-
18 ёшга тўлмаган шахслар;
-
ҳомиладор аёллар;
-
3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
-
биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
-
тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (имплант қилинган кардиостимулятор ўрнатилган шахслар, юқумли тери касаллиги (аллерго контакт дерматит, тери замбуруғи ёки қичима касаллиги) бўлган шахслар).
Озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётган ёки жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) ички ишлар органи пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида электрон браслет тақилади.
Электрон браслетнинг электр қуввати тугагани, уни тақиб юрган шахс электрон браслетни ечгани ёки электрон браслетнинг техник топшириғида белгиланган радиус оралиғидан ташқарига чиққани ҳақидаги онлайн хабар келиб тушганда, дарҳол ижрочи ходимларни бу ҳақда хабардор этади ва ушбу хабарни “Электрон браслет” ахборот тизимида қайд этади.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс эҳтиёт чораси ёки жазони ижро этиш жойини тарк этиб, қочган ҳолларда туман (шаҳар) ички ишлар органи ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда уни ушлашга қаратилган чораларни кўради.
Умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми кешбек шаклида қайтарилади
Умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми кешбек сифатида қайтарилади. Ойлик айланмасини нақд пулсиз амалга оширганларга эса ҚҚСнинг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларнинг фойда солиғи 2 каррага камаяди.
Камбағал оилалар реестридаги иш билан банд бўлган шахс учун ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада тўланади
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади.
“Хавфларни бошқариш” қўмиталари тузилади
2025 йил 1 январдан молиявий ва бошқа хавфларнинг олдини олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотларда уларнинг биринчи раҳбарлари бошчилигида коллегиал асосда “Хавфларни бошқариш” қўмиталари тузилади.
2025 йилдан давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан ҳудудларга тақсимланган маблағлар бўйича маълумотлар тегишли халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилади.
Бунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларга Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратилаётган маблағлар бўйича сўрови ва назорати йўлга қўйилади.
Ҳар чоракда Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари якунлари бўйича тақдим этилган ахборотлар Ҳукуматнинг мажлисларида муҳокама қилиб борилади.
LiveБарчаси