ҚҚС ва фойда солиғи ставкалари 2028 йилгача оширилмайди

Жамият

image

Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари 2028 йил 1 январгача оширилмаслиги белгиланди. Бу ҳақда жорий йилнинг 27 декабрь куни “Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Унга кўра, 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ва белгиланган шартларга жавоб берадиган тадбиркорлар учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди.

2025 йил 1 апрелдан даромадидан қатъи назар, фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ёки тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар ҚҚСни тўловчилар деб эътироф этилади.

Тадбиркорларга ташқи молия бозорларига чиқишга кўмаклашиш маркази ташкил қилинади. Марказ тадбиркорларга халқаро молия институтлари, хорижий молия ташкилотлари ва бошқа кредит ташкилотларидан давлат кафолатисиз маблағлар жалб қилиш бўйича консалтинг хизматлар кўрсатади.

2025 йилда айланма маблағларини тўлдиришга ажратиладиган кредитлар учун “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖга (Компания) 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратилади. 2025 йил 1 январдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини калибровка қилиш ва махсус идишларда қадоқлаш лойиҳалари ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун Компания ресурслари ҳисобидан миллий валютада револвер кредитлар ажратилади.

2025 йил 1 январдан:

  • божхона чегарасидан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм пахта ип-калаваси учун йиғим унинг экспорт нархидан 2 фоиз миқдорда, бироқ 0,05 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда ўрнатилади;
  • божхона чегарасидан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм трикотаж мато учун йиғим унинг экспорт нархидан 1 фоиз миқдорда ўрнатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил 1 январдан жамоат транспорти учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилиниши ҳақида хабар берилганди. Яъни, йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш айланмаси ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ягона иштирокчиси ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

ҚҚС Тадбиркорлар фойда солиғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг