Ўзбекистонда ҳар тўртинчи аёл оилада мушт ейди

Жамият

image

Ўзбекистонда ҳар тўртинчи аёл оилавий ҳаётида зўравонликка дуч келмоқда. Уларнинг айримлари учун эса бу аллақачон одатий ҳолатга айланиб улгурган. Бу “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўровнома натижаларидан маълум бўлмоқда. 

Институт томонидан республиканинг 6 та ҳудуди, хусусан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида яшовчи 800 нафар аёл ўртасида сўровнома ўтказилди.

Маьлум қилинишича, тадқиқотга жалб қилинган хотин қизларнинг 440 нафари шаҳарда, 357 нафар қишлоқ жойларда истиқомат қилади.

Сўровнома натижаларига кўра, аёлларнинг 60 фоизга яқини турмуш ҳаётида зўравонликка дуч келмаганини қайд этган бўлса, қолган 40 фоизи камситиш ва зуғум ўтказилаётганини баён қилган. Ҳар тўртинчи аёл баъзи ҳолларда зўравонликка дуч келишини, 7 фоиз аёл эса бу одатий ҳол эканлигини таъкидлаган.

Респондентларнинг 75 фоиздан кўпроғи маълум бир вазиятларда ҳуқуқий билимларининг етарли эмаслигини ҳис қилган. Бунда қуйидаги масалалар ўрин олган:

•  22,7% банк ва молиявий масалаларда;
•  20,6% иш жойидаги муайян ҳолатларда;
•  19,7% уй-жой билан боғлиқ муаммолар.

“Бу ҳолат улар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси ўрта даражадан анча паст эканлигини кўрсатмоқда”, дейилади институт ҳисоботида.

Сўровномада иштирок этган хотин-қизлар қуйидаги маълумот даражасига эга:

•  32,3% (257 нафари) олий;
•  49% (390 нафари) ўрта;
•  17,2% (137 нафари) ўрта-махсус;
•  1,3% (13 нафари) эса тўлиқсиз ўрта маълумот.

Респондентларнинг 73,8 фоизи турли соҳаларда ишлайди, 26,2 фоизи эса ишсиз.

Бундан ташқари, сўровномада иштирок этган 89 фоиз фарзандли аёллар ўз болаларининг тарбиясида ҳуқуқий билимларга алоҳида эътибор қаратади. 57 фоизи, яъни ярмидан кўпи доимий равишда фарзандларига ҳуқуқий тарбияни бериб боришга интилади. 40 фоизга яқини айрим ҳолларда ҳуқуқий тарбия билан шуғулланади. Фарзандларига қонун ва ҳуқуқ борасида таълим-тарбия бера олмаётган аёллар сони эса 5 фоизга тенг.

Қолаверса, уларнинг қонун, ҳуқуқ ва бурч борасидаги тасаввурлари ҳам текшириб кўрилган.

Жавобларга кўра, аёлларнинг:
•  61,0% учун қонун — тартиб;
•  53,8% учун қонун — адолат;
•  37,9% учун қонун — ҳимоя;
•  15,4% учун қонун — халқни бошқариш усули;
•  12,1% учун қонун — ҳаёт кафолати.

Аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини текшириш мақсадида берилган саволларга олинган жавобларнинг умумий тўғрилик даражаси 43,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳолат аёллар орасида ҳуқуқий саводхонлик даражаси ўрта даражадан анча паст эканини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 9 ойида 29 541 та аёл зўравонлик қурбони бўлган ва уларга ҳимоя ордери берилган. Оиладаги можароларни ташқарига чиқармай деб, тазйиққа учраётганини яшириб юрганлар ҳам оз эмас. Зўравонлик нафақат жабрланувчига, балки ота, фарзанд, ака-ука ёки опа-сингил, бутун жамиятга ва бизнинг узоқ муддатли келажагимизга ҳам таъсир қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

аёл зўравонлик зўравонлик қурбони

Баҳолаганлар

108

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг