Ўзбекистонда ҳали ҳам “Quramax Medikal” компаниясининг дорилари сотилаётгани аниқланди
Саломатлик
−
03 Февраль 2023
9122Ўзбекистондаги айрим дорихоналарда “Quramax Medikal” компанияси олиб кирган дори-дармонлар ҳамон сотилаётгани аниқланди. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан дорихоналарда тақиқланган дори воситаларининг сотилишини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилган.
“2023 йилнинг 26-27 январь кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати республикамиз ҳудудларидаги дорихоналарда тақиқланган дори воситаларининг сотилишини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказди. “Сирли мижоз” кўринишидаги мониторинг Ўзбекистон бўйлаб 308 та дорихонани қамраб олди.
Натижада ҳудудларда дорихона ходимлари тақиқланган дори воситалари сотилмаслиги ҳақида хабардор қилингани маълум бўлди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш жамиятлари федерацияси, патронаж хизматлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, сотувдан чиқарилган дори воситалари рўйхати тарқатилмоқда. Аксарият дорихоналарда тақиқланган дори воситалари сотувдан олиб қўйилган, бироқ омборларда ҳамон сақланаётгани аниқланди”, дейилади “Юксалиш”нинг таҳлилий мақоласида.
Мониторингдан маълум бўлишича, айрим дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сотуви тўхтатилган дори воситалари эркин сотувда мавжуд. Хусусан, Қашқадарё вилояти (Қарши шаҳри) ва Сурхондарё вилоятининг айрим дорихоналарида (Жарқўрғон туманидаги “Сурхон Марказий”, “Дўстлик” маҳаллаларида) Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd.” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Нолгрипп Жуниор” йўталга қарши сиропи, “Травамакс”, “Нолгрипп” ва “Цинепар” таблеткалари ва пастиллари дорихона расталарида мавжудлиги аниқланган.
Энг ажабланарлиси, аҳоли ҳам ушбу дори-дармонларни юз берган фожиали ҳолатлар, соғлиқ ва ҳаёт учун эҳтимолий хавфларга қарамай, аввалгидек сотиб олаётгани кузатилган.
“Шу муносабат билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қуйидагиларга чақиради:
биринчидан, аҳоли, айниқса, чекка қишлоқлар, поликлиникалар ўртасида кенг тушунтириш ишларини ўтказиш;
иккинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган дори воситалари рўйхатини барча дорихоналарнинг кўринадиган жойига жойлаштириш;
учинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган, лекин омборларда сақланаётган барча дориларни, тадбиркорларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиққан ҳолда, йўқ қилинишини таъминлаш керак”, деган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати.
Шунингдек, ҳаракат мониторинг натижалари бўйича материаллар (дорихоналар манзиллари, чеклар) чора кўрилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тақдим этилганини қўшимча қилган.
Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дори ишлаб чиқарувчиларни хомашё ва тайёрлаш жараёни сифатини назорат қилишни кучайтириш, ҳукуматларни бозорларда сифатсиз ва қалбаки дори воситалари устидан назоратни кучайтиришни айтиб, мурожаат билан чиққан эди.
Мурожаатда ташкилот сўнгги тўрт ой давомида 7 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон диэтиленгликоль (DEG) ва этиленгликоль (EG)нинг юқори концентрациялари билан ифлослангани тасдиқланган ёки шубҳа қилинган болалар учун рецептсиз бериладиган йўталга қарши сироплардан фойдаланишнинг бир неча ҳолатлари ҳақида хабар берган. Булар саноат эритувчилар ва антифризлар сифатида ишлатиладиган заҳарли кимёвий моддалардир. Улар оз миқдорда ҳам ўлимга олиб келиши мумкинлиги ва дори-дармонлар таркибида бўлмаслиги кераклиги уқтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Quramax Medikal” компаниясининг Ўзбекистонда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияси суд тартибида бекор қилинган эди.
Унга кўра, Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий тезника экспертизаси Давлат маркази томонидан “Quramax Medikal” компаниясининг барча дори воситаларини муомаладан чиқариб ташлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган эди.
Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йилда “Quramax Medical” томонидан олиб кирилган барча дори воситалари сотувини тўхтатди.
Булар 36 турдаги дорилар бўлиб, улар ичига “Док-1 Макс”, “Нолгрипп” сироплари, “Травамакс” таблеткалари ва эритма учун гранулалари киради.
LiveБарчаси