Ўзбекистонда давлат тўнтаришига ҳаракат қилган “ДЭО маҳбуслари” юристи қамоқдан озод этилди

Жамият 7956
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4 февраль куни “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. Фармон билан кўп йиллардан буён ҳибсда сақланаётганлар озод этилди. Улар орасида “Шайхали қамоқхонаси” номи билан танилган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасасидан Рустам ҳам бор. 

ЎзАнинг ёзишича, Рустам Ўзбекистондаги тузумни ағдаришга ҳаракат қилган “ДЭО маҳбуслари” юристи бўлган. 

“Уларни “Шайхали қамоқхонаси” номи билан танилган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида “ДЭО маҳбуслари” деб аташарди.

ДЭО – бу диний экстремистик оқим... Бу шундай оқимки, дилида динга эътиқоди бор кўплаб кишилар, айниқса, ёшларни ўзига ром этиб, уларнинг умр йўлларини адоғи йўқ қоронғулик сари буриб юборди.

Асл мақсади давлат, ҳокимият бўлган кимсаларнинг динни ниқоб қилиб олиб, зимдан олиб борган таъсирига минглаб юртдошларимиз тушгани сир эмас. Ўзбекистоннинг конституциявий тузумини ағдаришга қаратилган ҳаракатлар содир этилганида ва ундан сўнг эса бунда иштирок этган кўпчилик ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган ва суд ҳукми билан узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган”, деб ёзади манба.

Асли фарғоналик бўлган Рустам Тошкент давлат юридик университетида ўқиб юрган кезларидаёқ диний эстремистик оқимнинг Ўзбекистондаги ячейкаларидан бирига қўшилган.

“Ўша пайтлар динга жуда берилгандим, масжидларга ҳам бориб турардим. Бир вақтнинг ўзида менга алоҳида меҳр билан динни тарғиб қилаётган бошқа бир одам билан танишдим. Унинг оқимига оид видеолар жуда таъсирли эди. Иккинчи йўлни танладим. Бир неча дўстларимни ҳам бундан хабардор қилиб бордим. Биз интернет орқали алоқа ўрнатиб, фаол мулоқот қилардик. Бизни бошқараётган шахс ўша пайтда ўзининг Россияда эканини айтарди”, дейди у.

Бу мулоқотлар бора-бора 20-25 ёшлардаги йигитларни юртни тарк этишга, Аллоҳ йўлида курашга чорлай бошлаган. “Сирли ёзишма”лар эса хавфсизлик хизматининг эътиборига тушиб бўлганди. Рустам билан яна тўрт йигит бир вақтнинг ўзида ҳибсга олинган. 

Мавжуд тузумни йўқ қилиш, ўрнига янги тузум барпо этиш фикрининг ўзи “конституциявий тузумга тажовуз қилиш”, деб баҳоланган. Шу тариқа қўлга олинган йигитлар ўн йилдан зиёдроқ муддатларга қамалган.

Рустам оилада ёлғиз ўғил бўлган. Бунинг устига у отасиз улғайганган. Ўқишни тугатганидан сўнг икки йиллаб ишга кира олмаган.

Қамоқдаги кунларини ёдга олар экан, бизни “ДЭО маҳбуслари”, деб аташар ва бизга алоҳида сабоқлар ўтилар эди. Ана шу сабоқлар жараёнида диннинг асл моҳиятини тушундик”, дейди у.

“Тўққиз йиллик тазарру бир йигитни хатодан тўғри хулоса чиқариш, ёлғизгина онасининг қадрига етиш, меҳнат қилиб, ҳаётни тўғри йўлга қўйиш сабоғини ҳам ўргатди. Унинг эндиги мақсади ишлаш, ҳалол яшаш. Фақат у ҳали иш топганича йўқ”, дейилади мақолада.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 16 февраль воқеаларига алоқадор маҳбуслардан бири 21 йил деганда озодликка чиққани ҳақида хабар қилган эдик. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 253
Рейтинг: 3
t
×