Ўзбекистон ЖЧга рақибларини ўзи танлаяптими? Бокс федерацияси изоҳ берди

Спорт

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда ўтадиган Жаҳон чемпионати ҳақида “Ўзбекистон рақибларини ўзи танлаяпти” деган мазмундаги хабарлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон бокс федерацияси муносабат билдирди.

“Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилади. Ўзбекистон томони мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган мамлакатларнинг қатнашиш ёки қатнашмаслигини белгилаш ваколатига эга эмас.  Ўзбекистон мусобақани ўтказувчи давлат ҳисобланади ва ташкилий масалалар билан шуғулланади”, дейилади федерация баёнотида. 

Шунингдек, федерация хабарида Ўзбекистон халқаро спорт нормаларига риоя қилувчи давлат эканлиги таъкидланган.

“Чемпионат қатнашчилари, терма жамоалар, спортчи ва мураббийлар, ҳакамларни рўйхатдан ўтказиш IBA томонидан амалга оширилади. Мамлакатимиз мусобақани қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритган вақтда терма жамоалар ёки спортчиларнинг халқаро турнирлардаги иштироки бўйича бугунги чекловлар йўқ эди. Ўзбекистон халқаро спорт нормаларига риоя қилувчи давлат бўлиб, спорт сиёсатдан ҳоли тамойилини қўллаб-қувватлайди”, дея қўшимча қилди федерация.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ, Буюк Британия,Канада Ирландия, Чехия ва Украина каби давлатлар Тошкент ва Янги Деҳлида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилганди. Ушбу давлатларнинг мусобақада иштирок этмаслигига асосий сабаблардан бири, Халқаро бокс ассоциациясининг Россия ва Беларусь боксчиларига ўз байроқлари остида Жаҳон чемпионатида иштирок этишга рухсат бергани бўлмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг