Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидан қанча пул ишлаб олади?
Спорт
−
15:17 4486 2 дақиқа
Жорий йилги Жаҳон чемпионати иштирокчилари ўртасида жами 871 миллион доллар мукофот пули тақсимланади. Бу ҳақда FIFA хабар берди.
2026 йилги Жаҳон чемпионати нафақат иштирокчилар сони ва ўйинлар миқдори бўйича, балки соврин жамғармаси жиҳатидан ҳам турнир тарихидаги энг йирик мусобақалардан бири бўлади.
Манбага кўра, янги формат туфайли ҳатто гуруҳ босқичидан ўта олмаган жамоалар ҳам сезиларли маблағга эга бўлади. Мундиалда иштирок этган ҳар бир терма жамоа камида 12,5 миллион доллар мукофот олади. Бу 2022 йил Қатарда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатига нисбатан анча юқори кўрсаткичдир. Ўшанда гуруҳ босқичида мусобақани тарк этган жамоалар 9 миллион доллардан ишлаб топган эди.
Мусобақада муваффақиятли иштирок этган сари мукофот маблағи ҳам ошиб боради. 1/16 финалга чиққан жамоалар 14,5 миллион доллар, 1/8 финал иштирокчилари 18,5 миллион доллар, чорак финалга чиққанлар эса 22,5 миллион доллардан олади.
Тўртинчи ўринни эгаллаган терма жамоага 30,5 миллион доллар, бронза медаллари соҳиби бўлган жамоага эса 32,5 миллион доллар берилади.
Финалга чиққан икки жамоа энг катта маблағлар учун курашади. Финалда мағлуб бўлган терма жамоа 36,5 миллион доллар билан тақдирланса, Жаҳон чемпионати ғолиби рекорд даражадаги 53,5 миллион доллар мукофот пулига эга бўлади.
Шу тариқа, 2026 йилги мундиаль спорт тарихидаги энг даромадли Жаҳон чемпионатларидан бири сифатида ҳам ёдда қолиши кутилмоқда.
Live
Барчаси