Ўзбекистон ёрдамида Мозори-Шариф халқаро аэропорти қайта тикланди
Жамият
−
01 Ноябрь 2022
6347Афғонистонда Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш жараёни якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Мозори-Шариф халқаро аэропортини тиклаш жараёни якунига бағишланган маросимда Ўзбекистон томонидан Транспорт вазирлиги, “Ўзавиация” агентлиги, “Ўзаэронавигация” маркази ДУК, “Uzbekistan Airports” АЖ, “Ўзгидромет” вакилларидан иборат делегация иштирок этган.
Ушбу маросимда Ўзбекистон қўшни Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, транспорт ва энергетика инфратузилмасини шакллантиришга улкан ҳисса қўшаётгани айтилиб, ушбу халқаро аэропорт фаолиятини қайта йўлга қўйишда ҳам Ўзбекистон томонидан техник ёрдам кўрсатилгани алоҳида таъкидланган.
Маълум бўлишича, қисқа вақт ичида аэропорт ҳафтасига 4 та маҳаллий ва 1 та халқаро ҳаво қатновига хизмат кўрсата бошлаган.
Шунингдек, техник таъминлаш йўналиши бўйича Мозори-Шариф аэродромининг учиш-қўниш йўлаги қопламаси, ҳаво кемалари учун бурилиш йўлаклари ва тўхтаб туриш жойларидаги белгилар бўёғи тўлиқ янгиланган. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳудуднинг электр ва ёруғлик-техник таъминоти замонавий талаб даражасига келтирилган.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон аэропортларида фаолият юритаётган мутахассислар Афғонистоннинг мазкур аэропортига жалб қилинган.
LiveБарчаси