Ўзбекистон WorldSkills International халқаро ҳаракатининг аъзоси бўлди
Жамият
−
20 Январь 2020
8229Ўзбекистон WorldSkills International халқаро ҳаракатининг 83-аъзоси сифатида қабул қилинди дея маълум қилмоқда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги.
17 январь куни WorldSkills International директорлар Кенгаши Ўзбекистоннинг WorldSkills International ҳаракатига қўшилиш ҳақидаги аризасини тасдиқлаган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бир қатор идоралар билан биргаликда таъсис этилган Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси WorldSkills Uzbekistan миллий оператори ҳисобланади.
WorldSkills International бутун дунё бўйлаб касбий таълим, касб малакаси мақомини ва стандартларини оширишни ва бутун дунё бўйлаб халқаро мусобақалар ўтказиш орқали ишчи касбларни оммалаштиришни мақсад қилган халқаро нотижорат ассоциациядир.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг муълумот беришича, WorldSkills International ассоциациясига қўшилиш Ўзбекистон учун қуйидаги имкониятларни беради:
Биринчидан, Ўзбекистонда WorldSkills International’нинг халқаро стандартлари бўйича ишчи касбларга ўқитиладиган марказ ташкил этилади.
Иккинчидан, WorldSkills International халқаро стандартлари бўйича ишчи касбларга ўқиган шахсларга касбий малакаси тасдиқланганлиги ҳақида халқаро сертификат берилади. Айнан мана шу сертификат хорижий иш берувчилар томонидан ишчига тўлиқ ишонч билдириши ва ишчи бошқа давлат фуқароси бўлса, унинг касбий тажрибасига ким кафолат беради каби юзага келадиган саволларга жавоб бўлиши учун асос бўлади.
Учинчидан, дунё миқёсида ишчи касблар бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионатларида бевосита иштирок этиш орқали катта тажриба тўплаш ва талаб юқори бўлган касб йўналишлари бўйича миллий кадрлар сафини кенгайтириб бориш имконини яратади.
Маълумот учун, 2019 йилнинг 24 августида Ўзбекистон делегациясининг WorldSkills International президенти билан учрашуви давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги томонидан мазкур халқаро ассоциацияга аъзо бўлиш учун ариза киритилган эди.
LiveБарчаси