Ўзбекистон ва Жаҳон банки қўшма лойиҳалари портфели 10 млрд доллардан ошди
Жамият
−
09 Март 2023
3093Бугун, 9 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьердени қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни, шунингдек, ушбу етакчи халқаро институтнинг мамлакатимиздаги ислоҳотлар дастурини илгари суришдаги фаол иштирокини кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув аввалида давлат раҳбари Анна Бьердени яқинда янги лавозимга тайинлангани билан самимий қутлаб, масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилаган.
Учрашув кун тартибидан камбағалликка қарши курашиш, энергетика тармоғини трансформация қилиш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, ижтимоий дастурларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар ўрин олган.
Таъкидланишича, Жаҳон банки иштирокидаги амалдаги лойиҳалар портфели кейинги бир неча йилда 2 баробар кўпайган. Умуман банкнинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 10 миллиард долларга етган.
Маълум қилинишича, камбағалликка қарши курашиш, энергетика тармоғини трансформация қилиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш, хусусийлаштиришни бошлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш ва кўплаб бошқа йўналишларда сезиларли натижаларга эришилган.
Шунингдек, банк камбағалликка қарши курашиш, тадбиркорлик лойиҳаларини ривожлантириш ва молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш, қишлоқ инфратузилмаси ва ўрта шаҳарларни модернизация қилиш, хотин-қизлар бандлиги ва ёшларнинг касбий таълими, 2030 йилга қадар соғлиқни сақлаш стратегиясини амалга ошириш бўйича кенг кўламли режаларга фаол кўмаклашиш ниятида.
Учрашувда иқтисодиётни карбонсизлаштириш ва муқобил энергетикани ривожлантириш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасида мастер-режалар, энергетик самарадорликни ошириш дастури ва фавқулодда вазиятларда энерготизимнинг барқарор ишлаш режимини ишлаб чиқиш, гидроэнергетика лойиҳаларига экспертлар кўмагини ва молиялаштиришни жалб қилиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
Бундан ташқари, мазкур учрашувда ислоҳотлар ва устувор лойиҳаларни илгари суриш учун Жаҳон банкининг “Мамлакат платформаси” имкониятларидан кенг фойдаланилиши таъкидланган.
Устувор лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш юзасидан қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь