Ўзбекистон ва Туркия ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади
Жамият
−
19 Январь 457 2 дақиқа
Анқарада Туркия ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлари Яшар Гулер ва Шуҳрат Холмуҳамедов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Миллий Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, икки давлат вазири томонлар ўртасида бўлиб ўтган музокараларга раҳбарлик қилган. Учрашув якунида ҳар икки вазир томонидан “Туркия Республикаси ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида ҳарбий тиббиёт соҳасида таълим ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим” ҳамда “Туркия Республикаси Миллий мудофаа вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2026 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режаси” имзоланган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 20 январь куни Туркия ва Ўзбекистон Анқарада Қўшма Стратегик Режалаштириш Гуруҳининг тўртинчи йиғилишини ўтказади. Унда икки мамлакатнинг Ташқи ишлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирлари, шунингдек, разведка идоралари раҳбарлари иштирок этади. Учрашув иқтисодий алоқалар, минтақавий боғлиқлик, энергетика ва мудофаа соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Музокаралар асосан икки томонлама муносабатларга қаратилади, чунки Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий алоқалар жуда юқори даражада ривожланмоқда. Савдо, иқтисодиёт, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, туризм, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича эҳтимолий чораларни илгари суриши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор бошчилигидаги делегацияни қабул қилиб, энергетика ва геология соҳаларида, шу жумладан, учрашувда замонавий технологияларни маҳаллийлаштириш, энергетика ускуналарини ишлаб чиқариш, тақсимлаш тармоқларини бошқаришни такомиллаштириш, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштириш ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган эди.
Live
БарчасиНавоийда олтин ўғрилари қўлга олинди
19 Январь