Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш масаласини муҳокама қилмоқда

Жамият 2234
image

Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш ва уни эксплуатация қилиш тартиби ва улушбай иштирок этиш шартлари тўғрисидаги Ҳукуматлараро Битим лойиҳасини муҳокама қилишда давом этмоқда.

Ўзбекистон – Тожикистон ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши март ойида Душанбе шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт га тенг иккита ГЭС қуриш масаласини ўрганиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августда имзоланган Қўшма баёнотида кўзда тутилган.

Кейинчалик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг  ПҚ-3922 сонли қарори билан тасдиқланган  “Йўл харитаси”да ҳам ўз ифодасини топганди. 

Қайд этилишича, гидроэлектрстанцияларни босқичма босқич қуриш режалаштирилган: аввалига қиймати 282 млн долларга тенг, қуввати 140 МВт  ташкил этувчи ҳамда 700-800 млн кВт-саот электроэнергия  ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭСи қурилиши кўзда тутилмоқда.

Навбатдаги босқичда Фандарёда қиймати 270 млн долларга тенг, қуввати  135 МВт ни ташкил этувчи ҳамда  500-600 млн кВт-соат  электроэнергия ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилиши мўлжалланган.

Лойиҳани молиялаш халқаро молиявий ташкилотларнинг қарз ва грант маблағлари, шунингдек  томонларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қурилган гидроэлектростанциялар фақат Ўзбекистон эҳтиёжлари учун 1400 млн кВт-соат  экологик соф электр энергия ишлаб чиқаради.  

Шунингдек, лойиҳа ягона энерго тизимни қўллаб-қувватлашга ҳамда ГЭСни бирга қуриш ва улардан фойдаланиш жараёнида қўшимча иш ўринларини яратишга, қолаверса электр энергияни тенг асосда Ўзбекистон ва Тожикистонга йўналтиришга кўмаклашади.

Маълумот ўрнида, илк бор Тожикистон томонидан тақдим қилинган Зарафшон дарёсида ГЭС қурилишида улушбай иштирок этиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим лойиҳаси 2019 йил 24 апрелда Ўзбекистоннинг манфаатдор вазирликлари ва идоралари вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилди.

2020 йил 28-29 январь кунлари  Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш ва уни эксплуатация қилиш тартиби ва улушбай иштирок этиш шартлари тўғрисидаги Ҳукуматлараро Битим лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича Ўзбекистон – Тожикистон ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Қўшма ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлисида инвестицияларни ҳимоя қилиш ва хатарлар даражасига таъсир этувчи Ўзбекистон томонидан киритилган ўзгаришлар, баҳсли масалаларни кўриб чиқиш механизми, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини Ўзбекистон томонидан харид қилиш тартиби ва бошқалар муҳокама қилинади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 2.8
t
×