Ўзбекистон ва Қозоғистон Сирдарё сувини ҳисоблашни автоматлаштиради
Жамият
−
07 Январь
2504Ўзбекистон ва Қозоғистон Сирдарё дарёси сувини автоматлаштирилган тарзда ҳисоблаш учун техник шартларни ишлаб чиқишни келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон Сирдарё дарёси ҳавзасида сув ҳисобини автоматлаштириш тизимлари ўрнатиладиган 10 та участкани аниқлаган. Ушбу участкаларнинг 5 таси Қозоғистон ҳудудида, қолган 5 таси эса Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.
Ҳозирда томонлар халқаро молиявий ташкилотлар билан музокаралар олиб бормоқда. Лойиҳа бўйича умумий техник шартларни Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ишлаб чиқмоқда.
“Таъкидлаш жоизки, ҳозирча фақат дастлабки 10 та участка белгиланган. Умуман олганда, биз барча асосий гидропостларни автоматлаштириш ва сув ҳисобининг тўлиқ шаффофлигини таъминлашни режалаштирганмиз. Ушбу масалани биз қирғизистонлик ва тожикистонлик ҳамкасбларимиз билан бўлган музокараларда ҳам фаол илгари сурмоқдамиз”, деди Қозоғистон Сув ресурслари ва ирригация вазири ўринбосари Нурлан Алдамжаров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Оқилбек Жапаров Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун Қирғизистон қўшни давлатларга камроқ сув бериши мумкинлигини айтганди. Шунингдек, у Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бу борада тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси