Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳкумларни бир-бирига топширади

Жамият

image

Ўзбекистон ва Қирғизистон қамалган фуқароларини бир-бирига қайтаради. Бу бугун, 18 март куни Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонунда белгиланган. 

Қайд этилишича, шартноманинг асосий мақсади маҳкумлар жазони ўз фуқаролиги бўлган давлатда, яъни ўз ватанида, оиласи яқинида ўташ имкониятини яратишга қаратилган. Шартномада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ҳукмни ижро этиш учун ўз давлатига топшириш асослари, шартлари ҳамда тартиблари аниқ кўрсатиб ўтилган.    

Шунингдек, мазкур ҳужжатда маҳкумни топшириш билан боғлиқ харажатлар, низоларни ҳал қилиш, икки томонлама алоқа тиллари, шартномага ўзгартириш киритиш ҳамда унинг кучга кириши каби муҳим масалалар ўрин олган. Шартномада Ўзбекистон ва Қирғизистон бош прокуратуралари томонларнинг марказий органлари этиб белгиланган.

Билдирилишича, мазкур шартноманинг ратификация қилиниши маҳкум ўзига белгиланган жазони ўз давлатида ўташини давом эттиришини таъминлаш орқали уни ижтимоий реабилитация қилишни жадаллаштириш имконини беради.

“Шубҳасиз, маҳкумларнинг жазони ўз давлатида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам кўришиб туриш имкониятини бериш билан бирга маҳкумларнинг оилавий муносабатларига ижобий таъсир қилади ҳамда уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини тезлаштиради”, дейилади хабарда.  

Муҳокама якунида сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.

Маълумот учун, мамлакатлар ўртасида маҳкумларни ўтказиш бўйича келишув 2024 йилнинг 18 июлида Тошкент шаҳрида тузилган. Жорий йил январь ойида Қонун лойиҳаси Қирғизистон Жогорку Кенеш томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди. Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Умуткан Қўнкубоева депутатларга Ўзбекистон Республикасида Қирғизистон Республикасининг 42 нафар фуқароси, Қирғизистонда эса 97 нафар Ўзбекистон фуқароси жазо ўтаётгани ҳақида маълумот берган. Бу фуқароларнинг барчаси ўз ватанларида жазони ўташда давом этади. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 25 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон ва Италия ўртасида маҳкумларни экстрадиция қилиш ва ўтказиш тўғрисидаги қонун маъқулланган бўлса, 2024 йил 20 январда Ўзбекистон билан Эрон ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги 2023 йил 18 июнда Теҳронда имзоланган шартнома Сенат томонидан ратификация қилинди


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Қирғизистон муҳкумлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг