Сенат Эрон билан маҳкумларни топшириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди
Олам
−
20 Январь
4792Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон билан Эрон ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги 2023 йил 18 июнда Теҳронда имзоланган шартномани ратификация қилди. Тегишли қонун бугун, 20 январь куни Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, бир овоздан маъқулланди.
Таъкидланишича, шартноманинг ратификация қилиниши жиноят содир этиш натижасида озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистон ва Эрон фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташлари учун ҳуқуқий асос ва маҳкумларни топшириш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни амалга ошириш имкониятини яратади.
Ҳужжатга кўра, мазкур шартномани ратификация қилиш орқали унинг кучга кириши маҳкумларни топшириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириб, икки давлат ваколатли органларининг ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини оширади.
Муҳокама чоғида сенаторлар маҳкумларга жазони ўз юртида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам кўришиб туриш имконини беришини, бу эса ўз навбатида оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатишини, шунингдек, маҳкумларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишига ёрдам беришини алоҳида қайд этди.
“Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни ёки уларни ўз кучини йўқотган деб топишни талаб қилмайди. Шу билан бирга, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши келгусида Давлат бюджетидан қўшимча молиявий маблағлар ажратишни талаб қилмайди”, дейди Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Анвар Тўйчиев.
Маълумот учун, мазкур шартнома 2023 йил 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эронга расмий ташрифи давомида имзоланган.