Ўзбекистон ва Германия эҳтимолий афғон қочқинлари оқими муаммосини биргаликда ҳал қилишга келишди

Жамият 1946
image

Ўзбекистон ва Германия Афғонистонда бугунги кунда юзага келган кескин вазият ортидан пайдо бўлиши мумкин бўлган қочқинлар оқими муаммосини биргаликда ҳал қилишга келишиб олди. Бу ҳақда жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Aфғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича вакили Матиас Люттенберг билан учрашуви вақтида сўз борган.

Учрашувда Германия вакили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий боғлиқлик бўйича халқаро конференция натижаларини юқори баҳолади ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бундай юқори даражадаги халқаро форумни ташкил этиш бўйича ташаббуси ўз вақтида ўтказилгани ва унинг кун тартиби жуда долзарб аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, Aфғонистон Ислом Республикасидаги вазият юзасидан фикр алмашилди, ушбу мамлакатда тинчлик жараёнига ўзаро ёрдам бериш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар Aфғонистондаги қуролли можаронинг авж олишидан хавотирларини билдирди ва дунё ҳамжамиятининг Aфғонистонда тинчлик ҳамда барқарорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттириш юзасидан гаплашди.

Мулоқот давомида томонлар Aфғонистон борасида келгусида юзага келиши мумкин бўлган, хусусан, афғон қочқинларининг эҳтимолий оқими ва чегарадаги воқеалар билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканлигини билдирди.

Aфғонистон халқига ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдамни давом эттиришда минтақадаги мамлакатларнинг муҳим роли, шунингдек, Aфғонистонда доимий ҳамда ҳар томонлама тинчликни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлар хусусида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Ушбу конференцияда Афғонистон ва Покистон Президентлари, шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеф Боррель, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортиқ бўлди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3.2
t
×