Ўзбекистон ва Франция 2025 йилгача қиймати 1 млрд евродан ортиқ лойиҳаларни амалга оширмоқчи
Жамият
−
21 Ноябрь 2022
5768Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Францияга бошланган расмий ташриф доирасида Париж шаҳрида Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) бош директори Реми Риуни қабул қилди.
Ўзбекистон ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги истиқболли лойиҳалар билан бойитиш масалалари кўриб чиқилди.
Кейинги пайтда ўзаро алоқаларда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшма лойиҳалар портфели 1 миллиард еврога етди. Агентлик иштирокида бугун инфратузилма, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича муҳим дастурлар амалга оширилмоқда.
ФТА раҳбари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурининг самарали натижаларини қайд этиб, ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва салоҳиятини юксак баҳолади.
Суҳбатда давлат-хусусий шериклик механизмларини, энг аввало, таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма соҳаларида жорий қилиш, энергетика ва транспортда “яшил” иқтисодиёт лойиҳаларини кенгайтириш, агросаноат мажмуини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшларни ўқитиш ва уларнинг тадбиркорлигини молиялаштириш лойиҳаларини илгари суриш каби устувор йўналишларда амалий шерикликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳаларни аралаш тарзда, шу жумладан Франция компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари иштирокида молиялаштириш механизмларидан фаол фойдаланиш муҳим экани таъкидланди.
Томонлар эришилган барча келишувларни рўёбга чиқариш юзасидан “йўл харитаси”ни тайёрлашга келишиб олдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, “яшил” иқтисодиёт, шаҳарларни ривожлантириш, сув таъминоти, банк-молия ва транспорт соҳаларида аниқ лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутадиган умумий қиймати 1 миллиард евродан ортиқ бўлган 2025 йилгача стратегик ҳамкорлик дастурини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15