Ўзбекистон ва Беларусь ахборот соҳасида ҳамкорлик қилади
Жамият
−
01 Август 2019
2322Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига қилган илк давлат ташрифи доирасида 11 та келишув ва битимлар имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Ана шу ҳужжатлар орасида Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Беларусь Республикаси Ахборот вазирлиги ўртасида оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам бор.
Бугун, 1 август куни Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ва Беларусь Республикаси Ахборот вазири Александр Карлюкевич ўртасида битим имзоланди.
Ушбу ҳужжатда икки мамлакат ўртасида оммавий ахборот воситалари, нашриёт, матбаа фаолияти соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш кўзда тутилган. Ҳар икки мамлакат оммавий ахборот воситалари вакиллари, ноширлик ва матбаачилик фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ходимлари иштирокида танловлар, сeминарлар, кўргазма-ярмаркалари ва симпозиумлар ўтказиш режалаштирилган.