Ўзбекистон ва Туркманистон Миллий олимпия қўмиталари ўзаро ҳамкорлик қилишади
Жамият
−
13 Май 2019
2531Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мамлакатда олимпия ҳаракатини ривожлантириш, Олимпизм ғояларини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммавийлаштириш йўлида қатор мамлакатлар олимпия қўмиталари, шунингдек нуфузли Халқаро спорт федерациялари ва ташкилотлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиб келмоқда.
Бугун Тошкентдаги “Miran International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон ва Туркманистон Миллий олимпия қўмиталари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълумки, Туркманистон 2017 йили Жанг санъати ва ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларига мезбонлик қилган. Ушбу мамлакат йирик комплекс спорт мусобақасини ўтказиш борасида бой тажрибага эга. Қолаверса, мамлакат пойтахти Ашхобод шаҳрида мазкур йирик комплекс мусобақа муносабати билан муҳташам Олимпия шаҳарчаси ва халқаро стандартларга жавоб берувчи кўплаб спорт иншоотлари қад рослаган.
Ўзбекистон эса 2028 йили ёзги “Осиё болалари” ўйинлари ва 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилиш учун ҳаракат қилмоқда. Шундай экан, бу борада Туркманистон Миллий олимпия қўмитасининг тажрибаси ўзаро ҳамкорликда ас қотадиган муҳим жиҳатлардандир.
Мазкур меморандум Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ва Туркманистон МОҚ Бош котиби Азат Муратов томонидан имзоланди.
Меморандумга асосан, томонлар ўртасида дўстона ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, кўпгина спорт турлари бўйича икки мамлакат терма жамоалари ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш, мураббийлар малакасини ошириш, ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган.