“Ўзбекистон темир йўллари” Қашқадарёдаги ҳолатга изоҳ берди
Жамият
−
06 Апрель 2019
6649Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг тоғ-ён бағир ҳудуддан ўтувчи темир йўл рельсида поезд ҳаракатланаётган вақтда тупроқ кўчиши содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Қашқадарё вилоятида юз берган табиий характердаги ҳодиса юзасидан маълумот берди.
“Жорий йилнинг 6 апрель куни эрталаб кучли ёмғир ёғиши туфайли Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Оқработ қишлоғида кўчкилар ҳосил бўлди, бунинг оқибатида темир йўл сатҳининг пасайиши юз берди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда йўл устки қисмни мустаҳкамлаш бўйича тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида перегон (икки қўшни станция орасидаги масофа - таҳр.) вақтинча ёпилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан ушбу участкада юк кўчма состави ходимлари (тўхтаб қолган электровозда бўлганлар) автобуслар ёрдамида олиб чиқиб кетилган.
“Ўзбекистон темир йўллари”нинг бошқарув раиси в.б. Х.Ҳосилов бошлигидаги раҳбарияти юзага келган ноқулайликларни тезда бартараф этиш учун воқеа жойига йўл олган.
Ушбу ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ, кўчма составнинг барча вагонлари соз ҳолатда.
Компания раҳбариятининг таъкидлашича, ушбу участка кечгача тўлиқ тикланиши режалаштирмоқда.
LiveБарчаси