“Ўзбекистон темир йўллари” 20 йил аввал ишлаб чиқилган нархнома билан ишлаши маълум бўлди

Жамият 6860
image

“Ўзбекистон темир йўллари”нинг нархнома тарифи бундан 20 йил олдин ишлаб чиқилган ва ҳозирда уни янгилаш ҳаракатлари олиб бориляпти. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари ва Монополияга қарши курашиш қўмиталарининг қўшма йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг “Ўзбекистон темир йўллари”, “Uzbekistan Airways”, “Uzbekistan Airports”, “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятларида ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳусусида сўз борди. Мазкур йўналишда АЖлар томонидан бир қанча камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Қайд этилиишича, Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига асосан ташиш жараёнининг узлуксизлигини, ҳаракат хавфсизлигини ва авария-тиклаш ишлари ўтказилишини бевосита таъминловчи темир йўл транспорти корхоналари, умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва темир йўл транспортининг бошқа мол-мулки мутлақ давлат мулки ҳисобланади. Мазкур норманинг қонунчиликда борлиги эса, бозорда хизмат кўрсатиш биргина “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга тегишлилиги, бу эса ўз навбатида соҳада соғлом рақобатни ривожланишига тўсқинлик қилишига олиб келмоқда.

“Жаҳон тажрибасида эса, аксинча, юк ташиш йўналишида рақобатни ривожлантириш мақсадида, 50 фоиздан ортиқ бозор иштирокчилари хусусий ташкилотлар ҳисобланади”, дейилади қўмита хабарида.

Шундан келиб чиқиб, рақобатни чеклашга олиб келаётган қонунчиликдаги баъзи моддаларни қайта кўриб чиқиш таклифи берилган.

Йиғилишда “Ўзбекистон темир йўллари” ички йўналишда юк ва йўловчи ташиш учун қўлланилаётган тариф сиёсатини қачон қайта кўриб чиқиши масаласи ҳам кўтарилган. Негаки, амалдаги “10-01 нархнома” тарифи 2000 йилда ишлаб чиқилган.

Компания вакиллари мазкур тарифни Иқтисодиёт ва Транспорт вазирликлари томонидан қайта кўриб чиқиш кўзда тутилгани, айни кунларда ушбу масала бўйича тегишли ишлар олиб борилаётганини маълум қилган.

Йиғилишнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳаракатлар стратегияси” даги топшириғига асосан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖни иккита алоҳида тадбиркорлик субъектига ажратиш масаласи кўтарилди. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларидан бири темир йўлларининг инфратузилмасига, иккинчиси транпортировкага жавоб бериши керак бўлади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 141
Рейтинг: 3
t
×