Ўзбекистон ташқи қарз лимитини 5,5 млрд долларгача оширяпти

Жамият 4257
image

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари этиб белгиланяпти. Бу ҳақда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Бу ҳақда қуйи палата Матбуот хизмати хабар берди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга таклиф этилаётган ўзгартишга кўра, 2020 йил давомида Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари, шундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 2,5 млрд АҚШ долларигача миқдорида белгиланиши таклиф этилган.

“Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари пандемия даврида ижтимоий соҳани молиялаштиришга, мамлакатдаги эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди”, дейилади Қонунчилик палатаси хабарида.

Аниқлаштирувчи савол-жавоблардан сўнг фракция аъзолари “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи 20,8 миллиард доллар эквиваленти ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 97
Рейтинг: 3
Теглар
t
×