Ўзбекистон SOCAR нефть компаниясига ер ажратади – Президент

Жамият

Ўзбекистон Озарбайжоннинг кўп йиллик тажрибага эга ва жаҳон бозорида ўз ўрнини топган SOCAR нефть компаниясига мамлакат ҳудудида фаолият олиб бориши учун ер ажратади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган. 

“Бугун Озарбайжон гуллаб яшнаяпти. Маълумки, биз яқин қўшнилармиз ва сизнинг муваффақиятларингиздан қувонамиз. Бизнинг қардошимиз бўлган Озарбайжоннинг халқаро нуфузи ортиб, иқтисодиёти юксалиб бораётганидан фахрланамиз. Ушбу ютуқлар сизнинг узоқни кўзлаган ислоҳотларингиз натижасидир. Биз бундан доим хурсанд бўламиз. 

Сиз бир гапни тўғри айтдингиз. Биз ҳамкорликни янги саҳифадан бошлашимиз керак. Мен Озарбайжонга ёлғиз келганим йўқ. Делагация аъзолари ҳамкорлик борасида ҳужжатлар қачон имзоланишини сабрсизлик билан кутишяпти. Самолётда келаётганимизда, 390 миллион доллардан зиёд бўлган шартномалар тайёрланибди”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент имзоланиши кутилаётган шартномалар ҳақида гапираркан, вазир қўшимча қилди ва шартномалар 432 миллион АҚШ долларини ташкил қилаётганини айтди. 

“Ўзбекистонда истиқболли соҳалар жуда кўп. Энергетика, нефт-газ соҳалари шулар жумласидандир. Сиз билан гаплашганимиздек, SOCAR учун ер ажратдик. Мен масъулларга шундай ерлар, шундай ҳудудлар ажратингки, бу жиддий ширкат билан узоқ вақт ишлайлик, деб айтдим. Қайд этишларича, икки тараф ҳам жиддий музокаралар олиб бориб, ҳамма нарсани келишиб олибдилар. Нефт-газ соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун ҳақиқий истиқбол мавжуд”, дейди Шавкат Мирзиёев. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва SOCAR’нинг бўлинмаси – “Нефтгаз” томонидан OGU-2019 23-Халқаро кўргазма ва конференцияси доирасида Қашқадарёда нефть қазиб олиш ҳажмини ошириш тўғрисидаги битим имзоланганди. 

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг Ғарбий Тошли ва Шарқий Тошли, Шимолий Шўртан ҳамда Гармистон конларида углеводородлар қазиб олишни SOCAR компанияси илғор услублари ҳамда технологияларини қўллаган ҳолда кўпайтириш бўйича ҳамкорликнинг асосий шартлари белгилаб берилган.

Бу “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Озарбайжонга тегишли SOCAR компанияси билан биринчи шундай лойиҳаси. “Ўзбекистон нефть ва гази OGU-2018” Халқаро кўргазмаси ва конференциясида уни биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги келишувларга эришилган. Глобал нефть-газ компанияси билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос бўлган ўзаро англашув меморандуми имзоланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев SOCAR

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг