Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш масаласи кўриб чиқилмоқда

Жамият 6473
image

Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга сиёсий бошпана бериш масаласи парламент томонидан муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик пататаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди. 

Қайд этилишича, парламент қуйи палатаси аъзолари "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида"ги қонунни муҳокама қилганлар. Қонун лойиҳаси бугун, 5 октябрь куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган. 

Унда Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини, Ўзбекистонда бўлиш, сиёсий бошпана бериш тартибини, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, Ўзбекистонга кириш-чиқиш ва транзит ўтиши, давлат хизматларидан фойдаланиш ва бошқа ҳолатларни акс эттириш назарда тутилмоқда. 

Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади. Шахснинг Ўзбекистон Республикасида берилган сиёсий бошпанаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан амалга оширилади. 

Сиёсий бошпана ўзининг фуқаролиги бўйича мансуб давлатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун таъқиб қилинаётган ёки таъқиб қилишнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа ҳолатларидан бошпана ва ҳимоя излаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига берилади. 

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда "Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида" ги Халқаро пакт, БМТнинг "Қочқинлар мақоми тўғрисида"ги Конвенцияси," Дипломатик алоқалар тўғрисида"ги Вена конвенцияси қоидалари ҳисобга олинган. 

Қонун лойиҳаси Қонунчлик палатасида учта ўқишда кўрилиб, қабул қилинган тақдирда Сенатга юборилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 80
Рейтинг: 3
t
×