Ўзбекистон сайлов тизимида жиддий ўзгаришлар кутиляпти

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жойлаштирилди.

Унга кўра, қонунчиликка қуйидаги ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда:

•    Муддатли сайловларни ўтказиш санасини декабрь ойидан март ойига кўчириш;

•    суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга ҳам сайлаш ҳуқуқини бериш;

•    Бўшаган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш учун аниқ муддатларни белгилаш;

•    Парламентда ўз фракциясига эга бўлган сиёсий партиялар учун (камида 9 та депутатлик ўрни) сайловларда иштирок этиш учун сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини (парламент сайловида 40 мингта, президентлик сайловида сайловчиларнинг 1 фоиз миқдорида) тўплаши шарт эмаслиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш;

•    Сайлов бюллетенининг матнини соддалаштириш, хусусан бюллетень матнидан номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи ҳақидаги маълумотларни чиқариб ташлаш;

•    Округ сайлов комиссияси томонидан округ бўйича сайлов натижалари тўғрисида баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун ОСК биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйиш лозимлиги тўғрисидаги тартибни белгилаш;

•    Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят қилиш муддатини 10 кундан 3 кунга қадар қисқартириш;

•    Сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини молиялаштиришда давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан кўп бўлмаган миқдорда хусусий маблағларни жалб қилишга рухсат бериш;

•    Ташқи реклама воситаларида сиёсий партиялар ва номзодларга бепул жой ажратилиш амалиётидан воз кечиш;

•    Сайлов куни ва овозларни санаб чиқиш жараёнида сайлов участкалари ва округ сайлов комиссияларида бўлиши мумкин бўлган шахслар тоифасини белгилаш;

•    Овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш тартибини, барча қадамларни баён этган ҳолда соддалаштириш. 

Шунингдек, фармонда:

•    Парламент сайловларида мажоритар тизимдан аралаш (мажоритар пропорционал) тизимга ўтиш масаласини ўрганиб чиқиш;

•    Сайловчилардан ярмидан кўпининг овозини олган номзоднинг сайланган деб ҳисобланиши (мутлақ кўпчилик) тўғрисидаги қоида ўрнига, сайловчиларнинг энг кўп овозини олган номзоднинг сайланган деб топилиши (нисбий кўпчилик) ҳақидаги қоидани парламент ва маҳалллий кенгашларга сайловларда жорий этиш масаласини ўрганиш белгиланмоқда.

Ҳужжат лойиҳаси 4 июнача муҳокамада бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов тизими

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг