Ўзбекона андишага стоп!

Таҳлил

5 июнь куни Ўзбекистон аҳлининг 34 йиллик орзуси ушалди. Футбол бўйича мамлакат миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани боис, ғалаба шукуҳи ҳали ҳануз сўнгани йўқ. Аммо миллионлаб меҳнат муҳожирлари инсон ҳуқуқлари топталадиган, айниқса мигрантларга ҳайвондек муносабатда бўлинадиган давлатда ишлар экан, исталган пайтда улар зўравонликка учрар ва буни ўша мамлакатнинг олий ҳокимияти оқлаб чиқар экан, Ўзбекистон учун ҳали-бери бирон бир байрам узоқ татимайди. Москвадаги Мудофаа вазирлиги муассасаларидан бирида жорий йилнинг 8 июнь куни хавфсизлик кучлари мигрантларга қарши рейд ўтказди. ОМОН ходимлари меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини текшириш учун Строгинодаги ётоқхонага бориб, эркакларни хоналаридан ҳайдаб чиқарган. Улар шунчаки ҳайдаб чиқарилмаган, ваҳоланки тепилган, тарсаки ва мушт туширилган, қадр-қиммати топталган, хўрланган. Бир сўз билан айтганда, неонацизм қурбонига айланган. Мазкур ғайриинсоний ҳаракатлар давомида хавфсизлик хизмати ходимлари ҳужжатлари билан муаммога дуч келган 5-6 нафар шахсни қўлга олган. Қўлга олинганлар вазиятга ойдинлик киритиш учун бўлимга олиб кетилган. 

Дастлаб бу вазиятга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси муносабат билдирди. Ваколатхонага ушбу ҳолат юзасидан Россия Федерациясининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутаётгани маълум қилинди. Ўзбекистон Республикаси Москва шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олгани айтилди. Миграция агентлиги Россия кучишлатар тузилмаларининг хатти-ҳаракатидан жабрланганлар орасида борди-ю Ўзбекистон фуқаролари мавжуд бўлса, жумладан, уларга тан жароҳатлари етказилган, ҳуқуқлари бузилган ёки бошқа муаммоларга дуч келган бўлса, ҳолат юзасидан Россия Федерациясидаги ўз ваколатхонасининг алоқа рақамларига мурожаат қилиши сўралади.

Кейинчалик расмий Тошкент масалага жиддий ёндашди. Бу сафар иш Москвадаги ҳаммомда бўлган таҳқирланиш каби енг ичида қолмади. Ўзбекистон Россияда бўлиб турган меҳнат мигрантларига нисбатан куч ишлатар тузилмалар томонидан қилинаётган қўпол, инсон ҳуқуқларига зид ҳаракатлар юзасидан нота юбориб, ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилишини сўради. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, 10 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилган.  Учрашувда Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муносабатлар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётгани таъкидланган. Бундай ҳолатлар мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларни олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлиги етказилган. Шунингдек, Ўзбекистон Россия томонини барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишни таъминлашга чақирган. Россия Федерациясининг тегишли идоралари Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақирилган. Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ беришни сўраган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Россиядан куч ишлатар тузилма вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни ҳам талаб қилган. Расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўзининг доимий назоратида ушлаб туради ва керакли ҳолларда қўшимча чоралар кўришни давом эттиради.

Мазкур аянчли воқеа фонида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Facebook’даги саҳифасида ўзбек йигит-қизларига Россияга бормасликни тавсия қилди. Ректор ўз постида шу кунларда Москвада мигрантларга нисбатан ўтказилаётган рейд тадбирлари, куч ишлатар тузилмаларнинг меҳнат муҳожирларига қарши қўпол хатти-ҳаракатлари акс этган видеони илова қилиб, аҳолиси йилига қарийб 1 миллионга ортаётган Ўзбекистон ишчи кучини бошқа мамлакатларга йўналтиришга мажбурлиги, аммо, шундай бўлса-да Россияга бориш ўрнига бошқа йўлни танлашни тавсия қилган. 

“Ўзбекистонда бир йилда бир миллионга яқин одам туғиляпти. Албатта, Ўзбекистон иқтисодиётига шунча одамни мунтазам иш билан таъминлаш, табиийки, қийин. Бундай муаммо бошқа ривожланаётган мамлакатларда ҳам мавжуд. Кўп инсон туғилар экан, катта миқдордаги ишчи кучини бошқа давлатларга экспорт қилиши ҳам табиий жараён. Лекин мен ёшларимизга айтмоқчиманки, йигитлар, қизлар, шу Россияга борманглар, у ерда сизларни уришади, тепишади, ҳақоратлашади. Россияда сизни қадрлашмайди, аксинча, оёқости қилишади. Ваҳоланки, ўзининг халқи қилмайдиган энг оғир ишни сизлар қиляпсизлар, афсуски, эвазига шундай “мукофот” оляпсизлар!” деди ректор.

Унинг билдиришича, одатда, мактабда ёмон ўқиган, бирон касб-ҳунар ўрганмаганлар Россияга бориб, энг оғир мажбуриятларда, энг оғир вазифада ишлашга тайёр бўлади. Лекин буни шундоқ ҳам ўзининг меҳнат бозорида ишчи кучи етишмаётган ёки уруш ҳаракатларини олиб бораётган давлатнинг зодагон-амалдорлар қатлами тушунмайди. 

“Укажонлар, дўстлар, ўқинглар, тил билинглар, яхши ҳунар ўрганинглар, сизларни Олмония, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатлар кутяпти! Россия олигархлари ўз бойлигини мамлакатдан осонликча олиб чиқиб кетаётган бир пайтда, бизнинг қоракўзлар оғир ва машаққатли меҳнати эвазига бу пулни ишлаб топишяпти. Лекин уларга бунинг фарқи йўқ! Улар қўллаётган ҳақоратли сўзларга эътибор беринг: “обезяна”, “с**ка”, “баран” деди, “черн***опий”, “чурка” деяпти... Бундай ҳақоратларни эшитиш жуда оғир. Жуда!”, дейди у. 

Маълумот учун, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг жорий йил бошида берган маълумотларига ишонилса, 1,3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик хорижда меҳнат мигранти мақомини олган ва уларнинг 600 мингдан ортиғи Россияда. Бироқ норасмий маълумотларда Ўзбекистоннинг рўзғор дардида хорижга чиқиб кетган фуқаролари 3 миллиондан ортиқлиги, Россияда эса 1,5 миллиондан кўп ўзбекистонлик ишлаётгани келтирилган. Россияда эса охирги йилларда меҳнат муҳожирларига, айниқса, Марказий Осиёдан борган мигрантларга нисбатан қўпол муносабат урчиб бормоқда. Мамлакатда мигрантларга нисбатан чекловлар ҳам кундан-кунга кўпаймоқда. Хусусан, жорий йилнинг 30 июнь кунидан бошлаб Россия билан визасиз режимда бўлган мамлакат фуқаролари Россияга киришидан олдин электрон ариза қолдириши шарт этиб белгиланди. Буни амалга оширмаганлар мамлакат ҳудудига киролмайди. Маълумот ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, жорий йил 10 апрель куни Россия кучишлатар тузилмалари Москвадаги “Бодрость” номли ҳаммомда марказий осиёликни мигрантларга нисбатан ҳайвон каби муносабатда бўлганди. Ўшанда Қирғизистон ТИВ Бишкекдаги Россия элчисига бу бўйича расмий нотани топшириб, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўришни талаб қилган. 

“Бодрость” ҳаммомига асосан қирғизлар ва ўзбеклар ташриф буюриши ҳақидаги хабарлардан сўнг, Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга “Хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юборган. Ўша ҳаммомда ўзбекистонлик мигрантлар ҳам бўлгани ҳақидаги тахминлар ортидан QALAMPIR.UZ вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов билан боғланди. Вазирлик воизи таҳририятнинг “Бодрость” ҳаммомида ўтказилган ўша рейдда ўзбек мигрантлари бор ёки йўқлиги ҳақидаги саволига жавобан бу борада ўрганишлар давом эттирилаётгани ва тез орада расмий маълумотлар берилишини маълум қилди. Бироқ ТИВ кейинчалик бу борада жамоатчиликка ҳеч қандай маълумот тақдим қилмаган.

Аммо энг қизиғи шундаки, Россия ТИВ Қирғизистоннинг юқоридаги ҳақли талабига ўта такаббурона жавоб қайтарганди. Аслида бу кутилмаган ҳолат ҳам эмас. Кремль деворлари ортида ҳали ҳам империалистик руҳнинг чиркин қолдиқлари сақланиб қолаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Улар ҳибсга олиш жараёни акс этган видеоларга изоҳ берар экан, операция давомида чет эл фуқаролари ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимларига қаршилик кўрсатгани, шу сабабли ушбу хорижликларга нисбатан тегишли чоралар кўрилганини билдирган. Бу билан Россия Ташқи ишлар вазирлиги кучишлатар тузилмаларнинг мигрантларга нисбатан қилган зўравонлигини оқлаган. Янада ажабланарлиси эса Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов ТАСС билан суҳбатда республика аҳолисининг Москвадаги ҳаммомда қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятни кескинлаштирмасликка чақирганди ўшанда. У мазкур воқелик ортидан билдирилаётган гап-сўзлар ва расмий доираларнинг ҳаракатларини шунчаки эмоционал реакция деб атаган. Бутун бошли Қирғизистон олий ҳокимияти иродаси қандайдир ҳиссий ҳаракатга йўйилди. Ҳа, Вакунов бу гапларни Қирғизистон ерларида туриб айтди.

Кўрамиз, Самарқандга ташрифи бошланишиданоқ, самолёт трапидан тушиши билан Ўзбекистонга нисбатан ҳурматсизлик қилган Сергей Лавров бошчилигидаги идора бу сафар Ўзбекистоннинг нотасига қандай жавоб қайтараркан?


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Ўзбекистон нота

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг