Ўзбекистон Россияга қарши БМТ резолюциясида бетараф қолди
Олам
−
24 Февраль 2023
11480Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кеча, 23 февраль куни Украина бўйича махсус сессияси чоғида Россиянинг Украинага бостириб киришига бир йил тўлишига бағишланган Россияга қарши резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатга 141 давлат овоз берди, 7 давлат қарши чиқди (Россия, Беларусь, Шимолий Корея, Мали, Никарагуа, Сурия ва Эритрея). 32 делегация, жумладан, Ўзбекистон ҳам бетараф қолди.
Шу билан бирга, овоз бериш жараёнида Беларуснинг ўзгартиришлар маъқулланмади. Минск ҳужжатдан можарони бошлаш учун жавобгарлик Россияга тегишли бўлган қоидаларни олиб ташлашни назарда тутганди. Ўзгартиришлар, шунингдек, Россия Федерациясини Украинадан қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетишга чақирувчи бандни олиб ташлаш ва Украинада келишувга эришмоқчи бўлмаган Минск форматидаги давлатлар раҳбарларини қоралашни ҳам таклиф қилди.
Бундан ташқари, Беларусь томони резолюцияга можарога музокаралар йўли билан ечим топишга чақирувни бандни киритиш тарафдори эди. Резолюциянинг асл матнида фақатгина давлатлар ва халқаро ташкилотларга “Украинада БМТ Низомига мувофиқ адолатли, кенг қамровли ва барқарор тинчликка эришиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни икки баравар қўллаб-қувватлашга” чақириқ бор. Минск, шунингдек, резолюцияга Киевга қурол етказиб беришни тақиқлашни ҳам таклиф қилган.
Ҳужжатга кўра, можаронинг бошланиши учун жавобгарлик фақат Россия зиммасига тушади. Матн томонларни тинч аҳоли ва маҳбуслар олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақиради. Шунингдек, миллий ёки халқаро даражада тегишли, адолатли ва мустақил тергов ва таъқиб қилиш орқали Украинада содир этилган энг оғир жиноятлар учун халқаро ҳуқуққа мувофиқ жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлайди.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензяга кўра, резолюция Россия ва Ғарб ўртасида бир йил аввал кучайган қарама-қаршиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга ўтишга ёрдам бермайди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат бир томонлама ва реалликдан йироқ.
Овоз беришда 32 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон ва бошқа қатор давлатлар бетараф қолган. Туркманистон овоз бериш жараёнида қатнашмаган.
Ҳужжат кўпчилик овоз билан қабул қилинган.