Ўзбекистон Россия билан доимий темир йўл қатновини тикламоқчи

Олам

image

Ўзбекистон Россия Федерацияси билан доимий темир йўл қатновини тикламоқчи. Бу ҳақда “Россия темир йўллари” компанияси раҳбари Олег Белозёров маълум қилди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов “Россия темир йўллари” компанияси раҳбари Олег Белозёров билан темир йўл соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

“Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан доимий алоқадамиз ва йўловчиларни ташиш билан боғлиқ барча масалаларни биринчи навбатда ҳал қиляпмиз. Доимий қатновларнинг тикланишига келсак, биз Россия Транспорт вазирлигини ўзбек томонининг таклифи ҳақида хабардор қилдик. Яқин вақт ичида бу масала кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади”, деб айтган Олег Белозёров ўтказилган мулоқот ҳақида фикр билдириб.

Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. 2019 йилда ўсиш ҳажми 4 фоизни ташкил этиб, 7 млн тонна юк ташилган. Жорий йилда ҳам ўсиш суръати давом этмоқда. 2020 йилнинг 7 ойида ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда юк ташиш ҳажми 4,5 млн тоннани ташкил қилган. Шунга қарамай томонлар ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидлашган.

Муҳокама чоғида “Россия темир йўллари” ОАЖ коронавирус инфекциясига қарши курашиш масалаларида ҳам ҳамкорлик қилиб келаётгани, жумладан, июль ва август ойларида “Ўзбекистон темир йўллар” компанияси билан биргаликда 5 минг ўзбекистонликнинг ватанга қайтарилишини таъминлангани эътироф этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги темир йўл алоқаси 16 март куни Ўзбекистонда коронавирус аниқлангач, тўхтаб қолганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Россия темир йўл

Баҳолаганлар

540

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг