Ўзбекистон Россия билан 5,8 млрд долларлик 104 та лойиҳа устида ишламоқда

Жамият 4769
image

Ўзбекистон ва Россия ўртасида саноат кооперацияси соҳасида 5,8 млрд доллар миқдорида 104 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда кеча, 15 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов ва Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари Алексей Оверчук ўртасида кечган учрашувда сўз борган. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг саккиз ойи давомида 209 қўшма корхона ташкил этилган. Россия капитали иштирокидаги Ўзбекистондаги корхоналарнинг умумий сони сўнгги уч йил ичида икки бараварга кўпайиб, 2 мингтадан ошган.

“Айни пайтда саноат кооперацияси соҳасида 5,8 млрд доллар миқдорида 104 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Қўшма лойиҳалар кейинчалик учинчи мамлакат бозорларига сотилиши учун ҳар икки мамлакат ҳудудида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган. Шунингдек, янги натижадор лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш учун устуворликлар белгиланди”, дейилади Ўзбекистон томонидан берилган хабарда.

Таъкидланишича, имзоланиши икки мамлакат ўртасида товар айланмасини ошириш учун қулай шароит шакллантиришга имкон яратадиган бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар келишувини жадаллаштириш механизмлари кўриб чиқилган. 

Учрашувда келишилган лойиҳалар ва ташаббусларни тезкор равишда татбиқ этиш ва амалга ошириш жараёнини ҳар ойда кўриб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доираларини инвестициявий шерикликни ошириш имкониятлари ва икки томонлама савдо ҳажмини кўпайтириш механизмлари тўғрисида хабардор қилишга келишиб олинган. 

Эслатиб ўтамиз, Алексей Оверчук кеча, 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 3
t
×