Ўзбекистон Президентнинг кенжа қизи Россияда номзодлик диссертациясини ёқлади

Жамият 22884
image

Кеча, 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева A.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“Куни кеча мен сўнгги тўрт йилдан буён эришишга ҳаракат қилиб келаётган воқеа – фан номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимояси бўлиб ўтди. A.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетида диссертация ҳимоя қилиш мен учун катта шараф ва масъулият бўлди. Таниқли олимларнинг йирик аудиторияси олдида сўз билан чиққанимда ҳаяжонландимми? Ҳа, албатта, бусиз бўлиши мумкин ҳам эмас эди, лекин натижада ҳаяжонни енгишга муваффақ бўлдим. Бу узоқ йўлимда мени қўллаб-қувватлаган барчага ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман!”, дейди Шаҳноза Мирзиёева.

Турмуш ўртоғининг мазкур ютутғига Отабек Умаров ҳам беэътибор бўлмади. У ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида аёлига табрик сўзларини ёзиб қолдирди.

“Мен ҳамма нарсадан ҳам энг яқин инсонларим — турмуш ўртоғим ва фарзандларимизнинг ютуқлари билан фахрланаман. Куни кеча Шаҳноза Мирзиёева номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва бу ҳақиқатан ҳам оиламиз ҳаётида катта воқеа. Азизам, сенга муваффақият, янги марралар ва ютуқлар тилайман!”, деб ёзади Отабек Умаров ижтимоий тармоқда.

Маълумот учун, айни вақтда Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда.

Аввалроқ, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида иқтисодиёт бўйича диссертация ёқлагани ҳақида хабар берган эдик.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 649
Рейтинг: 3.2
t
×