Ўзбекистон Португалияга қарши ўйинни омадсиз якунлади
Sport
−
23 June 7095 1 minute
Бугун, 23 июнь куни 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи туридан ўрин олган Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етди. Баҳс португалияликларнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди ва уларнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашув ҳисобини 6-дақиқада Криштиану Роналду очди. Орадан 11 дақиқа ўтиб, Нуно Мендеш Португалиянинг устунлигини мустаҳкамлади. 39-дақиқада эса Роналду ўзининг иккинчи голини уриб, дубль муаллифига айланди.
Ўзбекистон терма жамоаси биринчи бўлимда ҳисобни қисқартириш имконига эга бўлганди. 28-дақиқада Азизжон Ғаниев рақиб дарвозасини ишғол қилди, бироқ VAR текширувидан сўнг, ҳужумда қоидабузарлик қайд этилди ва гол бекор қилинди.
Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқасида Абдуқодир Ҳусанов ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди ва ҳисоб 4:0 кўринишига келди. 87-дақиқага келиб Рафаэл Леау Португалиянинг 5-голини киритган ҳолда ўйинга нуқта қўйди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги иккинчи ўйинида ҳам йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Португалия эса муҳим уч очкони қўлга киритиб, 4 очко билан гуруҳ етакчисига айланди. Ўзбекистон терма жамоаси эса 0 очко билан гуруҳда сўнги поғонани банд этган.
Ўйинда киритилган голларни ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.