Ўзбекистон паспорти жаҳон рейтингида 6 поғона кўтарилди

Бу қизиқ

image

Ўзбекистон паспорти жаҳон рейтингида ўз мавқеини мустаҳкамлади. 2026 йилги янгиланган маълумотларга кўра, мамлакат 74-ўринга кўтарилди ва ўзбекистонликлар 59 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда “Henley Passport Index” маълумотларида келтирилган.

Унга кўра, 2023 йилда Ўзбекистон 85-ўринда бўлган бўлса, 2024 ва 2025 йилда 80-ўринга кўтарилган эди, эндиликда эса 74-поғонани эгаллади. Шу тариқа, сўнгги 2,5 йил ичида мамлакат паспорти 11 поғонага юқорилади.

Минтақа мамлакатлари орасида Қозоғистон паспорти энг кучлилардан бўлиб турибди. Ушбу мамлакат фуқаролари 78 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин. Қирғизистон Ўзбекистон билан 73-ўринни бўлишиб турибди. Тожикистон 53 та давлат билан 79-ўринни, Туркманистон эса 45 та давлат билан 87-ўринни эгаллаган.

Россия 113 та йўналиш билан 44-қаторда, Беларусь 58-ўринда, Озарбайжон эса 67 та давлат билан 66-ўринда қайд этилди.

Рейтинг етакчиси Сингапур бўлди – унинг паспорти 192 та давлатга визасиз саёҳат қилиш имконини беради. Шунингдек, кучли учликдан фуқаролари 187 та давлатга визасиз бора оладиган Япония ва Жанубий Корея жой олди. Тўлиқ рўйхат қуйидагича:

  1. Сингапур;
  2. Япония;
  3. Жанубий Корея;
  4. БАА;
  5. Швеция;
  6. Бельгия;
  7. Дания;
  8. Финляндия;
  9. Франция;
  10. Германия;
  11. Ирландия;
  12. Италия.

Ҳаракатланиш эркинлиги энг кам бўлган паспорт – Афғонистон паспортидир. У атиги 24 та давлатга кириш имконияти билан рўйхатнинг энг охирги поғонасидан жой олди. Шунингдек, рўйхат якунида қуйидаги давлатлар қайд этилган:

  • Афғонистон;
  • Сурия;
  • Ироқ;
  • Яман;
  • Покистон;
  • Сомали;
  • Шимолий Корея;
  • Непал;
  • Бангладеш;
  • Эритрея;
  • Шри-Ланка;
  • Фаластин.

“Henley” паспортлар индекси – ҳаракатланиш эркинлигининг глобал рейтингидир. У маълум бир давлат паспорти билан қанча мамлакат ва ҳудудларга визасиз ташриф буюриш мумкинлигини кўрсатади. 2025 йилги янгиланган версияда бутун дунё бўйлаб 199 та паспорт ва 227 та йўналиш ҳисобга олинган.

Рейтингни ҳисоблашда виза қоидаларига асосланган баллар тизимидан фойдаланилади. Агар фуқаро мамлакатга визасиз кира олса, паспортга 1 балл берилади, агар виза келгандан кейин (visa on arrival), меҳмон рухсатномаси ёки электрон кириш рухсатномаси (ETA) берилса, (башарти улар бориладиган мамлакат ҳукуматидан олдиндан тасдиқ талаб қилмаса) яна 1 балл. Шунингдек, агар сафардан олдин виза ёки e-Visa расмийлаштириш ва ҳукумат тасдиғини олиш талаб этилса 0 балл берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

виза паспорт Henley Passport Index

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг