Ўзбекистон Озарбайжонга темир йўл вагонларини қуриш ва таъмирлашни таклиф қилди
Жамият
−
10 Август 2023
3645Расмий Тошкент Озарбайжонга темир йўл вагонларини Ўзбекистонда қуриш ва таъмирлашни таклиф қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, жорий йилнинг 8 август куни Озарбайжон Республикаси пойтахтида “Ўзбекистон ва Озарбайжон: ҳамкорликнинг янги истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилган. Тадбирда Транспорт вазирлиги вакиллари “Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари” дастури билан иштирок этган.
Учрашув доирасида Транспорт вазирлиги вакиллари томонидан Озарбайжоннинг темир йўл вагонларини Ўзбекистонда қуриш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш таклиф қилинган. Томонлар 2023-2024 йилларда транспорт ва логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида “E-Permit” рухсатномаларини электрон алмашиш тизимини жорий этиш таклифи билдирилган. Тизимнинг автомобиль транспортида юк ташишни осонлаштиришда ва дастлабки маълумотлар алмашинувидаги ролига эътибор қаратилган. Бундан ташқари, Баку портида омбор инфратузилмасини яратиш бўйича режалари билан бўлишган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Озарбайжон Ўзбекистонга Баку денгиз порти инфратузилмасини имтиёзли шартлар асосида узоқ муддатли ижарага беришни таклиф қилган эди. Кеча, 9 август куни эса Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов Ўзбекистон Каспий денгизида ўз кемаларига эга бўлишдан манфаатдор эканини айтган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь