Ўзбекистон нега ўзида йўқ мактабни қўшниларига қуриб беряпти?
Жамият
−
08 Апрель 2022
47160Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятида 3,5 млн долларлик мактаб қуриб бергани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўзбекистон ўзида мактаб етишмаётган бир вақтда, қўшни давлатларга ҳам мактаб қуриб бераётгани танқид қилинди. Ҳолат юзасидан бугун, 8 апрель куни Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев матбуот анжуманида муносабат билдирди.
“Биз нафақат Қирғизистонда, балки Тожикистонда ҳам мактаб барпо этдик. Мактаблар у ерда яшаётган миллатдошларимизга ҳам шароит қилиб бериш нуқтаи назаридан қурилди. Лекин ўз навбатида у мамлакатлар ҳам Ўзбекистонда ижтимоий объектларнинг бир нечтасини барпо этган. Хусусан, Қирғизистон ҳукумати Риштонда мактабгача таълим муассасасини қуриб берган. Тожикистон Ургут туманида 1,5 минг ўринли мактаб барпо қилган. Қаергадир меҳмонга борсангиз улар қилган нарсага жавоб берасиз. Мен бу ерда ҳеч қанақа ёмон нарса кўрмаяпман. Бу фақат қўшниларнинг ўртасидаги ҳамкорлик. Қўшни давлатларнинг имконияти бўлса, улар ҳам Ўзбекистонда ижтимоий объектлар қуриб беряпти”, дейди Усмон Шарифхўжаев.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда роса муаммолар кўп ва улар ҳал бўляпти. Охирги 2-3 йил ичида олдинга нисбатан 3-4 марта кўпроқ мактаб қурилган.
“Ўқувчи ўрнига эҳтиёж борлигини ҳаммамиз биламиз. 1,2 млн ўқувчи ўрнини яратиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши белгиланган. У яқин кунларда имзоланади. Охирги 2-3 йил ичида олдинга нисбатан 3-4 марта кўпроқ мактаб қурилаётганини айтсам, кимдир бу ёлғон деса билмадим… Статистикани кўтариб, олдин нима бўлгани, ҳозир нима бўлганини кўриш керак. Давлат 2-3 йил ичида жуда кўп мактаб қураяпти. Лекин 10-15 йиллаб мактаб қурилмаганидан кейин уни етказиб олишни ҳам инобатга олинглар. Аввал кўпроқ коллеж ва лицейлар қурилган”, дейди ХТВ масъули.
Шарифхўжаевга кўра, давлат ҳозир ҳамма ишни тўхтатиб, мактаб қуришга пул берган тақдирда кутилган натижага эришилмайди. Чунки жуда кўп пул қурувчиларга кетади.
“Давлат ҳозир ҳамма ишни тўхтатиб, мактаб қуришга пул берган тақдирда ҳам жуда кўп пул қурувчига етарли бўлиши керак, барибир ўзининг талаблари бор. Шунинг учун давлат босқичма-босқич бюджетдан (маблағ ажратишни — таҳр.) ошириб бормоқда. Ҳозир аниқ сўммани айта олмайман”, дейди ХТВ раҳбари ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Абдулла Арипов амалий ташриф билан Қирғизистонга борганди. Ташриф давомида Бош вазир Қирғизистонда Ўзбекистон ажратган 3,5 млн долларга қурилган мактаб очилишида қатнашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь