Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси қабул қилинганига 30 йил тўлди
Таҳлил
−
21 Июнь 2020
95674Кеча, 20 июнь куни, Ўзбекистон Мустақиллик декларациясининг қабул қилинганига 30 йил тўлди. Мустақиллик декларацияси Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган эди.
Орадан бир йил ўтиб, 1991 йилнинг 31 август куни Мустақиллик декларацияси асосида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинган.
Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши II cессиясида қабул қилинган эди. Бугун мазкур тарихий ҳужжат қабул қилинганига 30 йил тўлди.
Ўзбекистон ўша кезлар СССР таркибида бўлиб, ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишида барча жавобгарликни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби, Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов республика раҳбари сифатида тўлиқ ўз зиммасига олган.
Ўша кезлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси бўйича иттифоқдош республикалар орасида сўнгги ўринлардан бирини эгаллаган, амалда социалистик лагерь учун хомашё манбасига айланиб қолган эди.
Республиканинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётига доир масалалар Марказнинг рухсати билан ҳал этилар эди.
Мустақиллик декларациясида Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ваколатига ички ва ташқи сиёсатга тегишли барча масалалар, шунингдек, иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан муносабатларни белгилаш ҳамда амалга ошириш алоҳида қайд этилди. Давлат ҳокимияти республика ҳудудига кирадиган барча таркибий қисмлар устидан амалга оширилиши кафолатланди.
Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш борасида қатъий қарор қабул қилинганини маълум қилди. Эндиликда Москва томонидан қабул қилинган барча қарорлар республика ҳудудида қонуний кучга кирмоғи учун Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим эди.
Шу билан бирга, “давлат суверенитети”, “давлат чегараси” каби атамалар жорий этилиб, уларнинг дахлсизлиги эълон қилинди.
Бу ҳали тўлиқ давлат мустақиллигини англатмас эди, аммо Ўзбекистон йиллар мобайнида йиғилган иқтисодий-сиёсий муаммоларни ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналари, эътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрлари, умуминсоний қадриятлар ҳамда демократик тамойиллар асосида нисбатан мустақил ҳолда ҳал этишга киришмоғи мумкин эди.
Мустақиллик декларацияси асосида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси каби фундаментал аҳамиятга эга ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Мустақиллик декларациясининг матни қуйидагича эди:
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Совети: ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анъаналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсад ҳақи, ҳар бир кишининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни олий мақсад деб билган ҳолда, Ўзбекистон халқларининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принципларига асосланиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Давлат мустақиллигини эълон қилади.
Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги Республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлигидир.
Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб, ўзгартирилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлидир.
СССР Олий Совети қабул қиладиган қарорлар Ўзбекистон ССР Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан тасдиқланганидан кейингина Ўзбекистон ССР ҳудудида кучга эга бўлади.
Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ваколатига Ўзбекистон ССР ички ва ташқи сиёсатига тегишли барча масалалар киради.
Ўзбекистон ССР халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларини тан олади ва ҳурмат қилади.
Ўзбекистон ССР иттифоқдош республикалар ва бошқа давлатлар билан ўзининг сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа муносабатларини шартномалар асосида белгилайди ва амалга оширади.
Ўзбекистон ССР ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини(герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади.
Қорақалпоғистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси мустақиллигини Мухтор Республика Конституцияси таъмин этади. Ўзбекистон ССР унинг Асосий Қонуни ва Ўзбекистон ССР Конституцияси асосида Қорақалпоғистон МССР манфаатларини ҳимоя қилади.
Ўзбекистон ССРнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти Ўзбекистон ССР давлат мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади, Ўзбекистон ССРнинг сиёсий ва иқтисодий системалари таркибини ва қурилишини белгилайди.
Ўзбекистон ССР Олий Совети умумхалқ муҳокамаси асосида демократик ҳуқуқий давлат тузишга қарор қилганини билдиради, Ўзбекистон ССРда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қонуний, сиёсий, иқтисодий, этник, маданий ҳуқукдарига ҳамда она тиллари ривожлантирилишига кафиллик беради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь