Ўзбекистон Мудофаа вазири қирувчи самолётда ҳарбий тайёргарликни текширди (видео)

Жамият

image

Ўзбекистон Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қирувчи самолётда ҳаво кучларининг ҳарбий тайёргарлигини текширди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги махсус видеоролик эълон қилди.

Видеода Баҳодир Қурбоновнинг қирувчи самолёт бортида  ҳаво кучларининг ҳарбий тайёргарлигини кўздан кечирганини кўриш мумкин. 

Маълумот учун, Афғонистонда “Толибон” ҳаракатининг фаоллашиву фонида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий округларида қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича режага асосан амалий машғулотлар бошланди. 

Мудофаа вазири раҳбарлигида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари, Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида қўққисдан текширувлар бўлиб ўтмоқда. Бунда шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтади.

Шунингдек, “Ангрен” ва “Термиз” умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий дала кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида батальон тактик ўқувлари ўтказилиши кўзда тутилган.\

Эслатиб ўтамиз, афғонистонликларнинг биринчи марта Ўзбекистонга қочиб ўтиши жорий йилнинг 23 июнь куни юз берди. Ўшанда 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Афғонистоннинг Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтган. Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг, ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган.

Шунингдек, 27 июнь куни 44 кишидан иборат Афғонистон чегара қўшинлари ва маҳаллий қуролли гуруҳ вакиллари Шўртепа тумани ҳудудида Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузган. Бир кун аввал, яъни 26 июнь куни чегаранинг ушбу қисмида қўшни мамлакат куч ишлатар тизимлари 3 нафар вакилининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш ҳолати қайд этилган. Барча Афғонистон фуқаролари ўз ватанига қайтарилган. Ўзбекистон ҳудудига бу каби ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий равишда бартараф этилиши маълум қилинди.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилишини маълум қилганди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг